17.06.2026
10
ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАРАҚҚИЁТ: TIIF-2026 ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИҚТИСОДИЙ ИМКОНИЯТЛАРИНИ НАМОЁН ЭТМОҚДА
Бугунги кунда инвестициялар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири сифатида қаралмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 16–19 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган V юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини намоён этиш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт стратегиясини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро майдон ҳисобланади. Форум Марказий Осиёдаги етакчи инвестиция платформаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусийлаштириш жараёнлари, саноатни модернизация қилиш, энергетика соҳасини трансформация қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатнинг халқаро инвестиция бозоридаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Тошкент халқаро инвестиция форуми ана шу ўзгаришларни халқаро бизнес ҳамжамиятига тақдим этувчи муҳим мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аҳолининг иқтисодий кутилмалари ва тараққиёт жараёнларига муносабатини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, аҳоли иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилишни мамлакат тараққиётининг муҳим шарти сифатида баҳолайди. Жамоатчилик фикрида иқтисодий ислоҳотларнинг амалий самараси, аввало, аҳоли бандлиги, даромадлари ва ҳаёт сифатидаги ижобий ўзгаришлар билан боғланади.
Социологик нуқтаи назардан инвестициялар иқтисодий кўрсаткичлар билан чекланиб қолмайди. Улар аҳолининг келажакка ишончи, ижтимоий оптимизми ва мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини шакллантирувчи муҳим ижтимоий омил сифатида ҳам намоён бўлади. Халқаро амалиётда инвестициявий жозибадорликни баҳолашда макроиқтисодий барқарорлик билан бир қаторда ижтимоий барқарорлик, институционал ишонч ва жамоатчилик қўллаб-қувватлови ҳам муҳим мезонлар сифатида қаралади.
Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти ҳам айнан шу жиҳатларда намоён бўлади. Форум давлат органлари, халқаро молия институтлари, суверен жамғармалар, трансмиллий компаниялар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш орқали иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. 2026 йилги форумда минглаб иштирокчилар, халқаро молия ташкилотлари ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган инвесторлар иштирок этиши кутилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, форум доирасида муҳокама қилинаётган йўналишлар мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларини қамраб олган. Жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари, инфратузилма, саноат, рақамли иқтисодиёт, логистика, агросаноат мажмуаси ва юқори технологиялар соҳалари бўйича инвестиция лойиҳалари тақдим этилмоқда. Бу эса инвестицияларнинг тармоқлараро диверсификацияси ва иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини шакллантиришга хизмат қилади.
“Ижтимоий фикр” маркази нуқтаи назаридан қараганда, инвестициявий жараёнларнинг ижтимоий самарадорлиги биринчи навбатда аҳоли фаровонлигига таъсири билан баҳоланади. Янги корхоналарнинг ишга туширилиши, иш ўринларининг яратилиши, ҳудудий инфратузилманинг такомиллашиши ва меҳнат бозори имкониятларининг кенгайиши аҳолининг ижтимоий кайфияти ва иқтисодий фаоллигига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу маънода, Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат иқтисодий ҳамкорлик майдони, балки мамлакатнинг ижтимоий ривожланиш истиқболларини белгилашга хизмат қилувчи муҳим стратегик платформа сифатида ҳам аҳамият касб этади. Форум доирасида шаклланаётган янги шерикликлар ва инвестиция келишувлари Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши, рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бугун Тошкент халқаро инвестиция форуми мамлакатнинг очиқ иқтисодиёт тамойилларига содиқлигини, инвестицияларга қулай муҳит яратиш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсатни ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий макондаги нуфузини намоён этаётган муҳим майдон сифатида эътироф этилмоқда. Унинг натижалари мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли ривожланиши ва ижтимоий тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.


