30.07.2026
15
"ИЖТИМОИЙ ФИКР" РЖФЎМ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШИДА ИШТИРОК ЭТДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан "Ўзгариб бораётган дунёда одам савдосига қарши курашиш: профилактика, ҳимоя ва ҳамкорлик" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профилактика чораларини такомиллаштириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмларини ривожлантириш ҳамда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ички ишлар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (IOM), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган тузилмалари, Марказий Осиё давлатларининг ваколатли идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда илмий доиралар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Раҳимова Нигина Хайруллаевна иштирок этди.
Конференция доирасида рақамли технологиялар шароитида одам савдосининг янги кўринишлари, хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш, одам савдосидан жабрланган шахсларни эрта аниқлаш ва уларни самарали ҳимоя қилиш, ижтимоий реабилитация ва қайта интеграция тизимини такомиллаштириш, давлат органлари ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ва профилактик фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган илғор халқаро тажрибалар муҳокама қилинди.
"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг мазкур халқаро анжумандаги иштироки мамлакатимизда одам савдосининг ижтимоий-психологик омилларини чуқур ўрганиш, жамоатчилик фикри мониторингини такомиллаштириш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда халқаро илмий ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Конференция якунлари бўйича одам савдосига қарши курашиш соҳасида профилактика, ҳимоя ва ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қатор амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.




