14.03.2025
14
Жорий йилнинг 13 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси билан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамда «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбарлари ва мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Мазкур меморандумни имзолаш давомида Нодавлат ташкилотларининг фаоллигини оширишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидиялар бериш тартибини соддалаштириш, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилиш, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш каби вазифалар қўйилди.
Давлат раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан кўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг асосий институтлари ривожланишини янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, асосий концептуал вазифалар фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, давлат ва жамият тараққиётида “учинчи сектор”нинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Юксалиш» ҳаракати, Барқарор ривожланиш маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази билан меморандум имзолашнинг асосий мақсади ушбу соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Қўмита фаолиятига илмий-тадқиқот ташкилотларини фаол жалб этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Ҳамкорлик доирасида бир нечта йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, қонун лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнида таклифлар алмашиш, Қўмита тегишли илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билдирган таклифларни мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб бориши, қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва илғор хорижий тажрибани миллий қонунчиликга имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда Қўмитага тақдим этиш каби муҳим масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди. Шу билан бирга ўзаро манфаатли долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликда конференция, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Ҳамкорлик йиғилиши давомида йиғилиш иштирокчилари фикр мулоҳазаларини ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди.