08.01.2025
21
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз фуқаролари ўртасида “Фуқаролар ватан ҳимоячилари куни тўғрисида” мавзусида социологик сўров ўтказилишни бошланди.
Ҳар йили 14 январь куни мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни байрами кенг нишонланади. Бу байрам нафақат давлат рамзи, балки мардлик, ватанпарварлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги фидойиликнинг рамзи сифатида катта аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, мазкур тадқиқот орқали биз фуқароларнинг байрамга бўлган муносабатини, Ватанга садоқат туйғусини, миллий армиямиз, Қуролли кучлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билишдир.
Сўровномада ватан ҳимоячилари куни фуқаролар учун нима билан аҳамиятлилиги, ватан тушунчаси ва шахсий ассоциациялар яъни, "Ватан" сўзи мамлакатимиз фуқароларида қандай туйғулар ва тасаввурлар уйғотади, бу шахсий оила билан боғлиқми, маҳалла ёки кенгроқ мамлакат биланми каби саволлар бўлиб, армиянинг аҳамияти ва Қуролли Кучларга муносабати, фуқароларнинг ҳарбий хизматга ёндашуви, ҳарбий касбнинг нуфузи ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги фикрларини ўрганиш, армиянинг мамлакат тараққиётидаги аҳамиятини баҳолаш имконини яратади.
Мазкур сўровнома орқали жамиятда ватанпарварлик руҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш йўлида амалий чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилувчи қимматли маълумотлар тўпланади. Қуролли Кучларимиз нуфузини янада ошириш, ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилиш ва уларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш учун жамиятнинг фикр-мулоҳазалари ниҳоятда муҳим.