17

ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИНИ ЎРГАНИШДА КАСБИЙ МАҲОРАТ ВА МЕТОДИК АНИҚЛИК

Жорий йилнинг 13-17 июл кунлари «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг САТI тадқиқотлари бўлимида фаолият юритувчи интервьюерлар учун ўқув-тренинг машғулотлари ташкил этилди.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад интервьюерларнинг касбий маҳоратини ошириш, телефон сўровларини ўтказиш жараёнида учраётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Машғулотлар давомида иштирокчиларнинг назарий билимлари, амалий кўникмалари ва иш тажрибаси қуйидаги мезонлар асосида баҳоланди:

- САТI дастуридан фойдаланиш даражаси;

- респондентлар билан самарали мулоқот ўрнатиш маҳорати;

- саволларни мазмунан тўғри ва бетараф тарзда тақдим этиш кўникмаси;

- сўров жараёнида юзага келадиган мураккаб вазиятларга муносабат билдириш қобилияти;

- жавобларни аниқ қайд этиш ва маълумотлар ишончлилигини таъминлаш даражаси;

- касбий этика ва интервью ўтказиш талабларига риоя қилиш ҳолати.

Ўқув-тренинг машғулотларини бўлим бошлиқлари Шерзод Бобоев, шунингдек, Умида Халикова, Игор Михайлович ва Равшан Исламбаев олиб бордилар. Мутахассислар интервью ўтказишнинг методик талаблари, респондент билан мулоқот психологияси, саволларни ифодалаш қоидалари ҳамда сўров жараёнида учрайдиган муаммоли вазиятларни бошқариш усуллари бўйича амалий тушунтиришлар бердилар.

Тренинг доирасида интервьюерларнинг касбий фаолияти таҳлил қилиниб, белгиланган мезонлар асосида уларнинг рейтинги шакллантирилди. Баҳолаш натижалари ҳар бир иштирокчининг кучли жиҳатлари, касбий ривожланиш йўналишлари ва такомиллаштирилиши зарур бўлган кўникмаларини аниқлаш имконини берди.

Аниқланган хато ва камчиликлар ҳар томонлама муҳокама қилиниб, уларнинг сабаблари таҳлил этилди. Интервьюерларга сўров ўтказиш сифатини ошириш, мулоқот жараёнида бетарафликни сақлаш, маълумотларни тўғри қайд этиш ва иш самарадорлигини юксалтириш бўйича манзилли тавсиялар берилди.

Тренинг якунида САТI тадқиқотлари бўлими фаолиятини янада такомиллаштириш, интервьюерларнинг касбий тайёргарлигини мунтазам баҳолаб бориш ва социологик маълумотлар сифатини оширишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Бундай ўқув-тренингларнинг тизимли равишда ўтказилиши интервьюерларнинг касбий масъулиятини кучайтириш, сўров жараёнидаги хатоларни камайтириш ҳамда олинадиган социологик маълумотларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлашга хизмат қилади.