21.07.2025
18
ЁШ СОЦИОЛОГЛАР ТАЖРИБА МАЙДОНИДА
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Социология йўналишида таҳсил олаётган 29 нафар 2- босқич ва 3-босқич талабалар 2025 йил июн-июл ойида “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида малакавий амалиётни муваффақиятли ўташди.
Бу амалиёт шунчаки расмий жараён эмас, балки ёш социологлар учун жамиятнинг фикр динамикаси билан юзма-юз келиш, таҳлил қилиш, сўров натижаларидан хулоса чиқариш ва уларни амалий қарорларга айлантиришга хизмат қилувчи лаборатория бўлди.
Талабалар марказнинг тажрибали мутахассислари раҳбарлигида сўров лойиҳаларини концептуал яратиш ва методологик жиҳатдан шакллантиришни, саволномалар тузиш, уларни электрон платформа орқали тарқатиш ва жавобларни тизимлаштиришни, жамоатчилик фикрини мониторинг қилиш ва холис баҳолаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришни амалиётда бажардилар.
Бу амалиёт жараёнида талабалар фақат назарий билимни мустаҳкамламадилар. Улар мустақил фикрлаш, таҳлилий ёндашув, ижтимоий маълумотлар билан ишлаш, жамоа ичида фаол мулоқот ва муносабат ўрнатиш каби муҳим касбий салоҳиятга эга бўлишди.
“Ижтимоий фикр” маркази учун бундай ҳамкорлик ёшларни жамиятдаги жараёнларни таҳлил қила оладиган, илмий асосда хулоса чиқарадиган, холис ва билимли мутахассислар сифатида шакллантиришда стратегик аҳамият касб этади. Талабаларнинг фаоллиги, қизиқувчанлиги ва масъулият билан ёндашуви – бугунги таълимнинг амалий самарасини намоён этувчи ёрқин кўрсаткич бўлди.