30.09.2025
5
Азиз устоз ва мураббийлар!
1-октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни барчамизнинг қалбимизга яқин, улуғ ва маънавий юксак сана ҳисобланади. Шу қутлуғ байрам муносабати билан “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларни чин қалбимиздан муборакбод этади.
Жамиятимизда ўтказилаётган социологик сўровлар шуни яққол кўрсатмоқдаки, халқимиз ҳаётида энг катта ҳурмат ва эътиборга сазовор тоифа айнан ўқитувчилардир. Чунки устоз — инсон тафаккурини шакллантирувчи, келажак йўлини ёритувчи маърифат чироғидир. У билим берувчи мутахассисгина эмас, балки ҳаётий тажрибаси ва маънавий қимматлари билан шогирд қалбида юксак инсонийлик, ватанпарварлик ва меҳр-шафқат туйғуларини уйғотувчи беқиёс тимсолдир.
Сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегияси, давлат дастурлари ва қатор фармон ҳамда қарорлар устоз ва мураббийлар нуфузини юксалтириш, таълим сифатини ошириш, авлодлар тарбиясига янги руҳ ва янги имкониятлар бағишламоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.М. Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги тезкор замонда тараққиётнинг асосий драйвери — бу билим, илм ва янги авлодни замонавий тафаккурда тарбиялай оладиган устозлардир”. Бу сўзлар устозлар зиммасидаги масъулиятнинг чуқур тимсоли, бир вақтнинг ўзида уларнинг жамиятдаги беқиёс ўрнига берилган юксак баҳо ҳамдир.
Сиз, азиз устоз ва мураббийлар, ҳар бир боланинг қалбида билим чироғини ёқиб, уларни юртга садоқатли, маънавий бой, замонавий тафаккурга эга шахслар қилиб тарбиялашда беқиёс хизмат кўрсатмоқдасиз. Шу боис ҳам мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатига муносабат, уларнинг ижтимоий мавқейини кўтариш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш йўналишида давлат ва жамият томонидан улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Азиз устозлар! Сизларнинг меҳр ва меҳнатингиз, сабр ва садоқатингиз туфайли Ватанимиз фарзандлари юксак марраларни забт этмоқда, юртимизда маърифат нурлари янада порлаб ёнаётир.
Шу улуғ байрам арафасида сизларга мустаҳкам соғлик, оила тинчлиги, шогирдларингиз зафарлари ва меҳнатингиз роҳатларини кўришингизни тилаймиз. Ҳар бир фарзанд муваффақиятида сизларнинг меҳнатингиз акс этсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устоз ва мураббийлар!
Ҳурмат билан, “Ижтимоий фикр”
Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази.