03.03.2026
13
Жорий йилнинг 2 март кунидан бошлаб «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Аёллар ўзи ҳақида: ҳолати, умидлар ва истиқболлар» мавзусида республика миқёсида кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказилиши бошланди.
Мазкур тадқиқот ўтказишдан мақсад мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий мақоми, иқтисодий фаоллиги, оилавий ва касбий роллари, қадриятлар тизими ҳамда келажакка нисбатан ижтимоий интилишларини илмий асосда комплекс ўрганишдан иборат.
Тадқиқот хотин-қизларнинг субъектив баҳолари орқали жамиятда шаклланаётган гендер муносабатлар динамикасини, ижтимоий тенглик даражасини ва имкониятлар муҳитини таҳлил қилишга қаратилган. Бу жараёнда фақат фикрлар эмас, балки қарор қабул қилишдаги иштирок, иқтисодий мустақиллик, таълим ва мансаб истиқболига бўлган муносабат каби амалий кўрсаткичлар ўрганилади.
Тадқиқот доирасида фуқаролардан хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига берилган умумий баҳони аниқлаш, гендер тенглиги ва реал имкониятлар муҳитининг ҳолатини таҳлил қилиб хотин-қизларнинг иш билан бандлик шакллари, даромад манбалари ва меҳнат бозоридаги иштирок даражасини баҳолашдан иборат.
Шунингдек, мамлакатимиз аҳолисининг иш ва оилавий мажбуриятлар ўртасидаги мувозанат масаласини таҳлил қилиб, аёлларнинг касбий ўсиш ва таълим олишга бўлган интилишини баҳолаш. Шунингдек, тадбиркорликка қизиқиш ва ўз бизнесини бошлаш имкониятлари, ҳамда хотин-қизларнинг турмуш даражаси уни оширишга хизмат қилувчи омиллар ва хотин-қизларни энг кўп ташвишга солаётган ижтимоий, иқтисодий, маданий муаммолар ҳақида фуқароларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганишдан иборат.
Ушбу тадқиқот аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ва ички салоҳиятини ривожлантириш масаласини фақат индивидуал эмас, балки институционал ва тизимли ёндашув нуқтаи назаридан таҳлил қилишга қаратилган муҳим ижтимоий-илмий ташаббус ҳисобланади.


