02.08.2026
11
Умуммиллий бирдамлик: тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида “Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи!” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари, миллий маданий марказлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экспертлар иштирок этган анжуман мамлакатда умуммиллий бирдамлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий таҳлил ва амалий ёндашувларни муҳокама қилишга бағишланди. Ушбу нуфузли тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакили ҳам иштирок этди.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р. Давлетов иштирок этди. Тадбир қатнашчиларига Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси К. Сариев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Г. Агзамова, Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ҳамда Ислом цивилизацияси маркази директори Ф. Абдухолиқов табрик сўзлари билан мурожаат қилдилар. Шунингдек, Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган видеофильм намойиш этилди ва қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Конференциянинг биринчи шўъбасида умуммиллий бирдамликнинг илмий-назарий асослари, тарихий тажриба ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларига бағишланган маърузалар тингланди. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б. Абдулҳалимов умуммиллий бирдамликнинг илм-фан тараққиётидаги аҳамияти ҳақида маъруза қилди. Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Р. Диярбобов бағрикенглик ғоясини тарғиб қилишда илмий-маънавий мероснинг ўрнига тўхталди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммадали Аҳмедов Амир Темур ва Темурийлар даврида миллатлараро тотувликни таъминлаш тажрибасини ёритди. Шунингдек, А. Раҳмонқулова, Қ. Жўраев, Д. Сайфуллаев, М. Давлетияров ва Р. Хомитов томонидан бағрикенглик феномени, миллатлараро муносабатларнинг ривожланиши, шарқона дипломатиянинг аҳамияти ҳамда миллий барқарорликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати юзасидан илмий маърузалар тақдим этилди.
Иккинчи шўъба халқ дипломатияси ва ташқи сиёсатда фуқаролик ҳамкорлигининг замонавий механизмларига бағишланди. Унда рақамли маконда миллатлараро тотувликни таъминлаш, биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик, давлат ва жамият бошқарувида вакиллик демократиясининг аҳамияти ҳамда хориждаги ватандошларнинг умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлашдаги ўрнига оид маърузалар тингланди.
Конференциянинг якуний қисми экспертлар ва миллий маданий марказлар раҳбарлари иштирокидаги очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди. Мунозараларда туркман, корейс, рус, озарбайжон, немис, арман ва юнон миллий маданий марказлари раҳбарлари миллатлараро ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, маданий мулоқотни кенгайтириш ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган таклифларини илгари сурдилар.
Тадбир давомида билдирилган фикр ва таклифлар мамлакатда умуммиллий бирдамлик, миллатлараро тотувлик ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва амалий ташаббусларни ривожлантириш, давлат органлари, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, мазкур конференция турли соҳалар вакиллари ўртасида илмий мулоқотни кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи нуфузли майдон сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлди.




