12.03.2026
22
ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТОП-20 “АҚЛ МАРКАЗЛАРИ” РЕЙТИНГИДА “ИЖТИМОИЙ ФИКР” РЕСПУБЛИКА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИНИ ЎРГАНИШ МАРКАЗИ
2025-йил якунлари бўйича “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан эълон қилинган таҳлилий рейтингда Ўзбекистонда фаолият юритаётган етакчи илмий-таҳлилий институтлар қаторида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳам муносиб ўрин эгаллади.
Мазкур рейтинг мамлакатдаги “ақл марказлари”нинг илмий-таҳлилий салоҳияти, жамоатчилик билан мулоқот даражаси ва ахборот майдонидаги фаоллиги каби қатор мезонлар асосида шакллантирилди. Таҳлил жараёнида SimilarWeb ва Semrush каби халқаро веб-таҳлил платформалари маълумотлари, Google ва Yandex индекслари ҳамда очиқ ахборот манбалари таҳлил қилинди.
Рейтинг натижаларига кўра, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий сўровлар ташкил этиш ва мамлакатдаги ижтимоий жараёнларнинг динамикасини мониторинг қилиш йўналишида фаолият юритувчи муҳим таҳлилий институтлардан бири сифатида эътироф этилди.
Марказ томонидан жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратилган тизимли социологик тадқиқотлар, аналитик материаллар ва эксперт хулосалар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ҳамда ижтимоий жараёнларни илмий асосда таҳлил қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Марказ фаолияти доирасида 115 дан ортиқ таҳлилий материаллар тайёрланган, расмий веб-сайтига 42 000 дан зиёд ташриф амалга оширилган шунингдек, ахборот майдонида 123 та иқтибос келтирилган.
Бу кўрсаткичлар “Ижтимоий фикр” марказининг мамлакатда жамоатчилик фикрини ўрганиш, социологик таҳлиллар ўтказиш ва ижтимоий жараёнларни илмий асосда мониторинг қилиш борасидаги фаолияти изчил ривожланиб бораётганини кўрсатади.


