8

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаол иштироки, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлиги ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлашга қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси учун эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ташкил этилган VI Тошкент аксилкоррупция форуми доирасида “Ижтимоий фикр” Маркази “Коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этаётган ННТ сифатида” махсус эътирофга сазовор бўлди.

Мазкур эътироф мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва фуқаролик масъулиятини юксалтириш, жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш ҳамда социологик тадқиқотлар орқали долзарб ижтимоий масалаларни илмий асосда ўрганиш борасида амалга оширилаётган изчил фаолиятнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.

“Ижтимоий фикр” маркази кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш, давлат ва жамият муносабатларида очиқликни таъминлаш, аҳолининг ислоҳотларга муносабатини ўрганиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор республика миқёсидаги социологик тадқиқотлар, мониторинглар ва таҳлилий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Ушбу эътироф Марказ жамоасининг профессионал салоҳияти, илмий ёндашуви ва жамоатчилик манфаатларига хизмат қилувчи фаолиятига берилган юксак баҳо бўлиб, келгусида ҳам мазкур йўналишдаги ташаббуслар кўламини янада кенгайтириш учун муҳим рағбат вазифасини ўтайди.