01.04.2026
12
ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЙДОНДА МУЛОҚОТ: ЖУРНАЛ ТАҚДИМОТИ ДОИРАСИДА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали тақдимотига бағишланган илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир илмий ҳамжамият, экспертлар ва соҳавий мутахассисларни бир майдонга жамлаб, замонавий демократик жараёнлар, инсон ҳуқуқлари ва жамоатчилик институти ривожи масалаларини муҳокама қилишга хизмат қилди.
Ушбу анжуманнинг очилиш қисмида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳрир кенгаши раиси, академик Саидов Акмал Холматович сўзга чиқиб, бу каби илмий-маърифий тадбирларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. У ўз нутқида жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш, демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда илмий-таҳлилий ёндашувларни кенг жорий этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва илмий таҳлил натижаларини амалиётга жорий этиш давлат ва жамият ўртасидаги самарали мулоқотни таъминлашда муҳим омил сифатида қайд этилди.
Шунингдек мазкур тадбирда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна ўз маърузаси билан иштирок этди. У ўз маърузасида жамият тараққиётида жамоатчилик фикрининг ўрни, фуқаролик институтлари ва ижтимоий ишонч механизмларининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш орқали давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини самарали ташкил этиш мумкинлиги таъкидланди.
Тадбир доирасида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни шакллантириш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Илмий мулоқот жараёнида иштирокчилар томонидан тақдим этилган таҳлиллар ва ёндашувлар соҳадаги долзарб вазифаларни янада аниқлаштиришга хизмат қилди.







