07.11.2025
16
Самарқанд шаҳрида 2025-йил 4-ноябр куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида “Гендер тенглигини кўп томонлама ҳамкорлик орқали ривожлантириш” мавзусига бағишланган халқаро миқёсдаги йирик тадбир бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли Side Event Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур анжуман мамлакатимизда гендер тенглигини давлат сиёсати даражасига кўтариш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги фаол иштирокини янада кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро эътирофини акс эттиради. Ўзбекистон бугун гендер тенглиги соҳасида эришган ютуқлари ва ислоҳотлари бўйича дунё жамоатчилиги эътиборида турибди. Бу тенг ҳуқуқ, тенг имконият ва тенг келажак тамойилларини реал ижтимоий қадриятга айлантириш йўлидаги қатъий сиёсий ироданинг ифодасидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирокини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя механизмларини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Гендер сиёсати ҳуқуқий, ташкилий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамланиб, қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Агар 2017-йилда бошқарув тизимида хотин-қизлар улуши 20 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 35 фоизга етди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатларнинг 38 фоизи, Сенатда эса 27 фоизи аёллар эканлиги бу соҳадаги ижобий ўзгаришларнинг ёрқин далилидир.
“Аёллар дафтари” тизими жорий этилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш, олий таълимда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонининг икки баравар оширилиши, имтиёзли кредитлар орқали аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш каби ташаббуслар гендер адолатини мустаҳкамлаш йўлида амалий натижаларни бермоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг изчиллиги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқида ҳам ўз ифодасини топди. Давлат раҳбари минтақавий миқёсда Осиё хотин-қизлар форумини доимий халқаро платформага айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Самарқанддаги ушбу халқаро тадбирда ЮНЕСКО Бош директори Audri Azulay, ЮНЕСКО Гендер тенглиги бўйича бўлим директори Begona Lasagabaster, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова, шунингдек, дунё миқёсида тан олинган аёл олим ва ижодкорлар — проф. Alicia Kowaltowski (Бразилия), Voline Ogutu (Кения) ҳамда Maya Moussa (Ливан) иштирок этишлари кутилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистоннинг гендер соҳасидаги илғор тажрибалари, ЮНЕСКОнинг 2024–2025-йилларда амалга оширилган “Гендер тенглиги йўлида амалий фаолият” ҳисоботининг натижалари тақдим этилади. Шунингдек, “Ўзбекистон тарихидаги машҳур аёллар” номли нашр тақдимоти ва Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш бўйича видеопрезентатсия намойиш этилди.
Мазкур форумда давлат идоралари, илмий-тадқиқот муассасалари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, “Оқила аёллар” республика ҳаракати етакчилари, фаол хотин-қизлар, олимлар ва тадбиркорлар иштирок этди. Шунингдек, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Н.Х. Раҳимова ҳамда директорнинг биринчи ўринбосари В.С. Алексеевалар ҳам тадбирда фаол иштирок этдилар.
Тадбир якунида гендер тенгликни таъминлашнинг истиқболли йўналишлари, халқаро ҳамкорликни кучайтириш механизмлари ҳамда кўп томонлама шериклик асосида амалга ошириладиган амалий ташаббуслар бўйича келгусидаги режалар ишлаб чиқилади.
Мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг гендер сиёсати борасидаги ютуқларини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, ЮНЕСКОнинг “ Global Gender Priority” стратегияси доирасида янги истиқболли йўналишларни белгилаш ва “Янги Ўзбекистон” концепсияцида илгари сурилган ижтимоий адолат, тенг имконият ва инсон қадри тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


