31.10.2025
11
Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилди
30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди. Мазкур сессия тарихий воқеа ҳисобланади — у қирқ йил ичида биринчи маротаба ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда ва форум ўтказилаётган фахрли маскан Шарқ ва Ғарб, ўтмиш ва келажак, фан ва маданият туташган қадимий Самарқанд шаҳри бўлди.
Бундай нуфузли халқаро форумнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз обрўси тобора ортиб бораётгани, унинг тинчлик, ўзаро англаш ва тараққиёт учун глобал мулоқотни мустаҳкамлашдаги фаол ролининг ёрқин эътирофи ҳисобланади. Самарқанд яна бир бор бутун дунё олимлари, педагоглар ва маданият арбобларининг овозлари янграйдиган, инсониятнинг эртанги истиқболини шакллантирувчи эзгу ғоялар муҳокама қилинадиган маконга айланмоқда.
Ушбу муҳим воқеа муносабати билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази аҳолининг ЮНEСКО сессияси ҳақидаги фикрини ва мазкур тарихий воқеага фуқароларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида сўров ўтказмоқда.
Тадқиқот мамлакатнинг барча минтақаларини қамраб олади. Унда шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг хилма-хил соҳаларида банд бўлган турли авлод вакиллари иштирок этадилар, бу эса фуқароларнинг фикри ва орзу-умидларининг жонли, кўп қиррали манзарасини яратиш имконини беради.
Сўровнинг ўтказилиши шундай нуфузли халқаро форумга мезбонлик қилаётган ўз мамлакати учун фахрланадиган ҳар бир фуқаронинг овозини эшитиш имкониятидир. Тадқиқот натижалари ўзбекистонликлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ролини қай даражада идрок этишини, ЮНEСКО билан ҳамкорликдан қандай орзу-умидлар қилишаётгани ва 43-сессиянинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокининг аҳамиятини англашга ёрдам беради.


