19.10.2024
99
ҲУРМАТЛИ ҲАМКАСБЛАР, ЎҚИТУВЧИЛАР, ТАДҚИҚОТЧИЛАР ВА ТАЛАБАЛАР!
Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна томонидан ишлаб чиқилган социологияда илмий ёндашувларни ўзлаштиришга ва юқори сифатли ижтимоий тадқиқотлар олиб боришга интилаётган ҳар бир киши учун кенг қамровли ва чуқур манба бўлиб хизмат қиладиган “Социологик тадқиқотларнинг методологияси, методи ва техникаси” номли ўқув-услубий қўлланмани эътиборингизга ҳавола қилишдан мамнунмиз. Ушбу нашр социологик методологиянинг назарий билимлари ва амалий жиҳатларини ўзида мужассам этган ноёб манба ҳисобланади.
Мазкур ўқув-услубий қўлланма тадқиқот гипотезасини ишлаб чиқишдан тортиб олинган маълумотларни амалий изоҳлашгача бўлган социологик тадқиқотларнинг асосий босқичлари ва жиҳатларини қамраб олади. Қўлланма ўқувчига тадқиқотнинг дастлабки босқичларидан илмий жараённинг барча босқичларини тўлиқ тушунишга ёрдам беради.
Хусусан, социологиянинг методологик асослари – тадқиқотнинг фалсафий ва илмий асослари, парадигмалар ва ёндашувлар ўртасидаги фарқлар ҳамда ишончли ва асосли тадқиқотларни қуриш тамойиллари ҳақида тушунча берадиган социологиянинг асосий методологик тушунчаларини чуқур кўриб чиқиш имконини беради.
Социологик тадқиқот усулларидан бўлса замонавий социологияда қўлланиладиган асосий методлар келтирилган бўлиб: миқдорий усуллар сўровлар, тажрибалар, статистик таҳлиллар ва уларнинг ижтимоий ҳодисаларни объектив баҳолашга қўшган ҳиссаси, шунингдек сифатий усуллардан ижтимоий ҳодисаларнинг чуқур маъноларини очиб берувчи методлар яъни интервю, кузатишлар, фокус-гуруҳлар ҳақида кенг ёритилган.
Қўлланма назарий жиҳатларни ҳам, амалий кўрсатмаларни ҳам ўзида бирлаштиради. У янги бошланувчи тадқиқотчилар ва ўз билимларини чуқурлаштиришни хоҳлайдиган тажрибали мутахассислар томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган.
Шунингдек, қўлланмада олинган билимларни амалиётда қўллаш, маълумотларни самарали тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича батафсил кўрсатмалар ва мисоллар келтирилган.
Мазкур қўлланмадан: бакалавр ва магистратура босқичи талабалари учун –социология фанининг методологияси ва методлари, техникасини ўрганишда, шунингдек курс ишлари, тезис ва диссертацияларни тайёрлашда;
ўқитувчилар учун - социологик тадқиқот усуллари бўйича семинарлар ва маърузалар ташкил этишда;
амалиётчилар ва тадқиқотчилар - юқори сифатли тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ижтимоий маълумотларни таҳлил қилишда мақбул ёндашувларни танлашга ажралмас манба бўлиб хизмат қилади.
Ушбу ўқув-услубий қўлланма ижтимоий фанлар жамиятдаги динамик ўзгаришларга тез жавоб қайтариши лозим бўлган давр талабларига жавоб беради. У ўқувчиларни нафақат ўз тадқиқотини лойиҳалаш, балки натижаларни холисона изоҳлаш учун билимлар билан қуроллантиради, ижтимоий жараёнларни тушунишда илмий усуллардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлайди.
“Социологик тадқиқотларнинг методологияси, методи ва техникаси” жамиятни илмий билиш санъатини эгаллашда, ижтимоий ўзаро таъсирлар асосидаги мураккаб қонуниятларни очиб беришда ишончли ёрдамчига айланади.
Инсон ва жамият илмига иштиёқи баланд ҳар бир инсоннинг китоб жавонидан албатта ўз ўрнини топади деган умиддамиз.