18

“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида 2025 йил 1 декабрь куни Олий Мажлис Сенати биносида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг Сенат раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва давлат–жамият муносабатларида очиқликни таъминлашга қаратилган ҳафталик аҳамиятли тадбирларидан бири бўлди.

Учрашувда парламент аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари ва ННТ раҳбарлари, жамоат фондлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси, Парламент комиссияси раиси ўринбосари Абдулхаким Эшмуратов очиб, мамлакатда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ННТ секторининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва фуқаролик фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат Раиси Танзила Нарбаева, Сенат қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ва Сенат аъзоси Малика Қодирхонова нутқ сўзладилар. Спикерлар фуқаролик жамияти ривожида шаффофлик, ҳуқуқий ишонч, аҳолининг фаол позицияси ва давлат органлари билан ННТлар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятига эътибор қаратдилар.

Тадбир давомида Сенат қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунчиликдаги янгиланишлар, уларнинг амалиётдаги аҳамияти ва жамоатчилик назорати механизмлари ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг нодавлат нотижорат сектори вакиллари Олий Мажлис жамоат фондининг Сурхондарё вилоят бўлинмаси раҳбари— Нуриддин Жумаев ва “Диалог” ННТ директори Мухтор Бекмирзаевлар ўз тажрибалари, ҳудудлардаги фаолият самарадорлиги ва жамоатчилик билан мулоқот масалалари юзасидан фикр билдирди.

Ушбу учрашувда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна ҳам иштирок этди. Марказ раҳбари жамоатчилик фикри йўналишидаги амалий изланишлар ва уларнинг сиёсий, ижтимоий қарорлар қабул қилишдаги ўрни ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирди.

Тадбир савол-жавоб қисмида давом этиб, иштирокчилар ННТлар фаолияти, ҳуқуқий асослар, давлат-жамият ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди.