19.02.2026
9
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети “Социология” йўналиши 2-курс магистрантлари амалиётини ўтказишмоқда. Амалиёт жараёни 2026 йил 26 январдан 9 майга қадар давом этиб, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, социологик тадқиқотларни бевосита ҳаётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Илк учрашувда Марказ раҳбарияти ва асосий бўлимлар масъуллари иштирок этиб, магистрантларга амалиётнинг режаси, босқичлари, вазифалари ҳамда кутилган натижалари атрофлича тушунтирилди. Амалиёт фақат бир йўналиш билан чекланиб қолмай, марказнинг аналитик, ахборот-математик, илмий-тадқиқот ва бошқа барча таркибий бўлимларида навбатма-навбат ташкил этилади. Бу эса талабаларга социологик тадқиқотларни режалаштиришдан тортиб, маълумот йиғиш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришгача бўлган тўлиқ илмий жараённи амалда ўзлаштириш имконини беради.
Амалий машғулотлар давомида магистрантлар реал ижтимоий сўровлар, таҳлилий ҳисоботлар ва мониторинг лойиҳаларида иштирок этиб, касбий маҳоратини оширади, мустақил тадқиқот олиб бориш тажрибасини тўплайди ҳамда замонавий социологик методлар билан ишлашни чуқур ўзлаштиради.
Ушбу амалиёт нафақат талабалар учун муҳим тажриба мактаби, балки “Ижтимоий фикр” маркази учун ҳам ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш, илмий меросни давом эттириш ва соҳага янги кучларни жалб этишда муҳим қадам ҳисобланади.

