18

Жорий йилнинг 10 март кунидан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Йўл инфратузилмасининг ҳолати ва «Долзарб 90 кун» дастури доирасида уни яхшилаш чора-тадбирларига Тошкент шаҳри аҳолисининг баҳоси” мавзусида кенг кўламли социологик тадқиқот ўтказиш бошланди. Тадқиқот шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай ва самарали йўл муҳитини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг жамоатчилик томонидан қандай баҳоланаётганини аниқлашга хизмат қилади.

Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади Тошкент шаҳридаги йўл инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, йўл ҳаракатини ташкил этиш тизими самарадорлигини ҳамда шаҳарда тирбандликларни камайтириш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва транспорт логистикасини такомиллаштиришга қаратилган «Долзарб 90 кун» дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга аҳолининг муносабатини илмий-социологик таҳлил қилишдан иборат. Шу билан бирга тадқиқот фуқароларнинг кундалик ҳаракатланиш жараёнида учрайдиган муаммолар, шаҳар йўллари ҳолати, жамоат транспорти фаолияти, автотураргоҳлар етишмаслиги, йўл белгилари ва светофорлар ишлаш самарадорлиги каби омилларга берилаётган баҳоларни аниқлашга ҳам қаратилган.

Тадқиқот доирасида аҳолининг шаҳар йўл ҳаракати тизимига оид ахборотдан хабардорлик даражаси, жумладан Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан танишлик даражаси ҳам ўрганилади. Шунингдек, фуқароларнинг «Долзарб 90 кун» дастурига нисбатан ишончи, ушбу дастур орқали йўл инфратузилмасини қисқа муддатда яхшилаш имкониятлари ҳақидаги фикрлари таҳлил қилинади.

Сўров жараёнида иштирокчилардан шаҳардаги тирбандликлар, йўллар сифати, йўл чизиқлари ва белгилари ҳолати, жамоат транспорти фаолияти, бекатлар инфратузилмаси, йўл ёқасидаги реклама конструкциялари ва савдо шохобчаларининг ҳаракат хавфсизлигига таъсири каби масалалар юзасидан фикр ва баҳолар олинади. Шу билан бирга аҳоли қайси муаммоларни шаҳар йўл ҳаракати тизимида энг долзарб деб ҳисоблаши ҳамда уларни ҳал этиш учун қандай чора-тадбирлар зарур деб билиши юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам йиғилади.

Тадқиқот натижалари асосида Тошкент шаҳри йўл инфратузилмасининг амалдаги ҳолатига доир жамоатчилик фикрининг илмий таҳлили амалга оширилади. Олинган маълумотлар шаҳар транспорт тизимини янада такомиллаштириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларни камайтириш ҳамда аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган қарорлар қабул қилишда муҳим эмпирик асос сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилаётган мазкур социологик тадқиқот фуқаролар фикрини ўрганиш орқали шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш жараёнларини жамоатчилик манфаатлари билан уйғунлаштиришга, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот механизмларини мустаҳкамлашга ҳамда урбанистик ривожланиш жараёнларида аҳоли позициясини инобатга олишга қаратилган муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга.