35

2026 йил 12 февраль куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро кунига бағишланган «Илмли аёл – барқарор жамият сари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, илмий салоҳиятини ривожлантириш ва жамият тараққиётидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати мазмуни билан уйғун тарзда ташкил этилди.

Давра суҳбати ғоявий йўналишини Ўзбекистон Республикаси Президентининг қуйидаги фикри белгилаб берди: «Қизларнинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши бутун жамият равнақи учун хизмат қилади». Ушбу ёндашув юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан узвий боғлиқ. Хусусан, хотин-қизлар учун таълим имкониятларини кенгайтириш, олий таълимга қамров даражасини ошириш, илм-фан ва инновация соҳасида гендер тенгликни таъминлаш, илмий фаолият билан шуғулланувчи аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг касбий ривожланиши учун институционал механизмларни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом этмоқда.

Тадбир «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида ўтказилди. Унда Марказ раҳбарияти ва мутахассислари, Ўзбекистон Миллий Университети профессор-ўқитувчилари ҳамда магистр талабалар иштирок этди. Давра суҳбатини Марказ тезкор тадқиқотлар бўлими мутахассиси Шерзод Бобоев олиб борди.

Кириш қисмида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг биринчи ўринбосари, социология фанлари доктори, (DSc), В.С. Алексеева сўзга чиқиб илм-фанда хотин-қизларнинг стратегик ўрни, гендер тенгликнинг ижтимоий тараққиётдаги аҳамияти, илмий фаолиятга қизларни жалб этиш омиллари ҳамда замонавий жамиятда билим ва компетенцияларнинг ҳал қилувчи роли хусусида фикр билдирдилар. Таъкидланганидек, таълимли ва илмли аёл инсон капитали сифатини ошириш, инновацион ривожланишни рағбатлантириш, оила институти барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий маданиятни юксалтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Тадбир доирасида «Дунёга машҳур аёллар» мавзусида видеоролик намойиш этилди. Бу иштирокчиларда илм-фан, таълим ва жамият ривожида аёллар ҳиссасига оид тарихий ва замонавий мисоллар орқали илҳом уйғотди.

Шунингдек, Марказнинг амалий тадқиқотларни ташкил этиш бўлими мудири, У.М. Халикова «Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни» хотин-қизлар халқаро кунининг мазмун-моҳияти, илм-фан соҳасида аёллар иштироки тенденциялари, С.С. Имамов ҳамда Ш.Ж. Мўминовалар «Фуқаролар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг роли ва гендер тенглик ҳақида» (социологик тадқиқот натижалари асосида тақдимот) мавзусида маъруза билан иштирок этишиб   социологик тадқиқот натижалари асосида хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, гендер муносабатлари ва ижтимоий қарашлар илмий асосда ёритилди.  Ўзбекистон Миллий Университети, Социология йўналиши, 2-босқич магистри Д.Г. Аҳмаджонова «Аёллар ва қонун: сўнгги йилларда қўллаб- қувватлаш тизими» мавзусида маъруза қилиб аёллар ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатлари юзасидан таҳлилий чиқиш қилди.

Мутахассислар фикрига кўра, илмли аёл модели жамият барқарорлиги ва тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Таълим даражаси юқори бўлган хотин-қизлар меҳнат бозорида фаол иштирок этади, ижтимоий қарорлар қабул қилиш жараёнларида масъулиятли позицияни намоён қилади ва келгуси авлоднинг таълим ҳамда тарбия сифатини белгилайди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар фикр-мулоҳазалар алмашдилар. Илмий муҳитда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, қизларни тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, гендер тенглик маданиятини мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик фикрини илмий асосда ўрганишга қаратилган амалий таклифлар илгари сурилди.

«Илмли аёл – барқарор жамият сари» мавзусидаги мазкур давра суҳбати илм-фан, таълим ва гендер сиёсатининг ўзаро боғлиқлигини яна бир бор намоён этди. Тадбир хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илмий фаолликни рағбатлантириш ва жамиятда билим қадрини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони бўлди.