08.03.2026
9
8 - МАРТ ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ
Баҳор нафаси билан кириб келадиган 8-Март Халқаро хотин-қизлар куни нафақат аёлларга эҳтиром ва эътироф билдириладиган байрам, балки жамият тараққиётида хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини англатувчи муҳим сана ҳисобланади.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси номидан мамлакатимизда меҳнат қилаётган барча хотин-қизларни, илму-маърифат, таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви, тадбиркорлик ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаолият юритаётган фидойи хотин-қизларни 8-Март Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этамиз.
Аёл - жамиятнинг маънавий таянчи, оила мустаҳкамлигининг асоси ва келажак авлод тарбиясининг бош мезонидир. Тарихий ва замонавий ижтимоий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, хотин-қизларнинг таълим, меҳнат ва жамоатчилик ҳаётидаги фаол иштироки ижтимоий барқарорликни таъминлаш, инсон капитали салоҳиятини юксалтириш ҳамда барқарор тараққиётга эришишда муҳим омил сифатида намоён бўлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятларининг кенгайиши аёлларнинг жамиятдаги ролини янада мустаҳкамламоқда.
Социологик таҳлиллар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллиги ошган жамиятларда оила барқарорлиги, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳит янада мустаҳкамланади. Шу боис хотин-қизларнинг билим, тажриба ва ташаббусини қўллаб-қувватлаш жамият тараққиётининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қадрли ва мўътабар аёллар!
Сизнинг меҳрингиз, сабр-матонатингиз ва фидокорона меҳнатингиз жамиятимиз тараққиёти, оилаларимиз фаровонлиги ва келажак авлод камолотига хизмат қилмоқда. Сизлар жамиятда нафақат меҳнаткаш мутахассис, балки маънавий қувват манбаи, эзгулик ва инсонпарварлик тимсоли сифатида юксак қадрланасиз.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, юксак илмий ва касбий ютуқлар, янги ташаббус ва муваффақиятлар тилаймиз. Ҳар бир кунингиз меҳр, эътироф ва бахтга тўла бўлсин.
8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муборак бўлсин!
“Ижтимоий фикр” республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази!



