8

Ўзбекистонда спорт, айниқса футбол, нафақат мусобақа ёки ўйин сифатида, балки халқни бирлаштирувчи муҳим ижтимоий қадрият сифатида намоён бўлмоқда. Бу жиҳат Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида яна бир бор яққол акс этди.

Давлат раҳбари иштирокида ўтган мазкур тантанали тадбир ўзбек футболи тарихидаги муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилди. Президент ўз нутқида миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши мамлакат спорти, айниқса футбол соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва тизимли қўллаб-қувватлаш сиёсати натижаси эканини алоҳида таъкидлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда спорт соҳасини давлат даражасида қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилмаларни барпо этиш, футбол академиялари фаолиятини кенгайтириш ҳамда ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Президент нутқида ҳар бир ҳудудда спорт иншоотлари ва профессионал футбол академиялари ташкил этилгани, Миллий футбол маркази иш бошлагани, Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси ҳамда FIFA стандартларига мос янги стадион қурилаётгани алоҳида таъкидланди.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилаётган социологик тадқиқотлар натижалари ҳам мамлакат аҳолиси спортга, айниқса футболга бўлган қизиқиш ва эътибор юқори даражада эканини кўрсатмоқда. Жамоатчилик фикри таҳлилларига кўра, фуқароларнинг катта қисми спортни ёшларни ватанпарварлик, ирода ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбияловчи муҳим омил сифатида баҳолайди.

Айниқса, миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма олиши аҳоли орасида миллий ғурур, бирдамлик ва келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлади. Социологик кузатувлар футбол нафақат спорт тури, балки жамиятда ижтимоий бирликни кучайтирувчи маданий ва маънавий ҳодиса сифатида қабул қилинаётганини кўрсатмоқда.

Президент томонидан мухлислар ҳаракати ва фан-клублар фаолиятига берилган юксак баҳо ҳам бу йўналишдаги жамоатчилик кайфияти билан ҳамоҳангдир. Давлат раҳбари уларни миллий жамоанинг “ўн иккинчи ўйинчиси” сифатида эътироф этди.

Бугун Ўзбекистонда футбол ҳар бир оиланинг ҳаётига кириб борган, ёшлар учун орзу ва интилиш рамзига айланган соҳалардан бири ҳисобланади. Миллий терма жамоанинг халқаро майдондаги иштироки эса нафақат спорт ютуғи, балки мамлакат нуфузини оширувчи, жамиятни бирлаштирувчи ва ёш авлодни илҳомлантирувчи муҳим ижтимоий воқелик сифатида баҳоланмоқда.