48

Ҳурматли юртдошлар! Сизларни улкан қувонч ва чуқур эҳтиром билан халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи, эзгулик ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўз байрами муносабати билан самимий муборакбод этамиз!

Наврўз байрами минг йиллик тарихга эга бўлиб, Шарқ халқлари маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқдир. Бу байрам қадимий даврларда ҳам кишиларни ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва табиатга эҳтиром билан ёндашишга чорлаб келган. Ҳақли равишда Наврўз нафақат йил фаслининг алмашиниши, балки инсонлар онгининг покланиши, эзгу ниятлар билан янги даврга қадам қўйиш тимсоли сифатида қадрланади.

Бугунги Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз нафақат миллий анъаналарни тиклаш ва асраб-авайлаш рамзи, балки жамиятдаги ижтимоий барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ғояларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, иқтисодий тараққиёт, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати – буларнинг барчаси Наврўзнинг маънавий-руҳий моҳияти билан мутаносибдир.

Наврўз фалсафасидаги янгиланиш, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари бугунги кун ижтимоий тараққиётининг муҳим мезони сифатида қаралаётгани халқимиз бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ушбу байрам, айниқса, турли миллат вакиллари яшайдиган, маданиятлараро мулоқот ривожланаётган Ўзбекистонда умуммиллий ҳамжиҳатлик тимсолига айланган.

Шу муборак кунда барчангизга тинчлик-хотиржамлик, оилаларингизга файзу барака, меҳнат ва ижодингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз. Наврўз ҳар бир хонадонга қут-барака, шодлик ва омад олиб келсин!

Наврўз муборак бўлсин азизлар!

 

"Ижтимоий фикр"

Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази