29.11.2023
366
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТ: БАҲОЛАР, МУНОСАБАТЛАР ВА УМИДЛАР
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан “Ўзбекистондаги экологик вазият: баҳолар, муносабатлар ва умидлар” мавзусида социологик сўров ўтказилиши бошланди.
Ушбу сўров мамлакатдаги экологик вазият, фуқароларнинг баҳолари, муносабат ва умидлари ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратилган бўлиб фуқароларнинг экологик ҳолатни баҳолаши, она табиатимизни асраш экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билишдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев экология масаласида “бугун бизнинг олдимизда турган яна бир муҳим масала – экологик муаммолар ва сув танқислигидир. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди”, деб таъкидлаган.
Дарҳақиқат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиатни асраш, турли экологик муаммоларни бартараф этиш ҳар бир инсоннинг олдидаги асосий вазифасидир. фикр-мулоҳазаларини кунда долзарб аҳамият касб этаётган экологик вазият бу борадаги муаммоларга жиддий ёндашиб масъулият билан бартараф этишни талаб қилади. Атроф-муҳит ободлигини сақлаш, табиатни муҳофаза этишда халқимиз, айниқса, ёшларнинг масъулиятини ошириш жуда муҳимдир. Шунингдек Ўзбекистон республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 49-моддасида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади деб белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз глобал экологик хатарларга қарши курашиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси делегацияси жорий йил 1-2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси доирасидаги Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича жаҳон саммитида иштирок этади. Ушбу форумда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган бўлиб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим бўйича стратегиялар ва “яшил” энергетикага ўтишни молиялаштириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.