15

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида, Ижтимоий фанлар факультети, “Ижтимоий иш” кафедраси ташаббуси билан “Ганиева Маърифат Ҳабибовнанинг илмий мактабини ривожлантириш концепцияси” мавзусида Республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбир ижтимоий фанлар соҳасида илмий мактаб анъаналарини давом эттириш, илмий авлодлар узвийлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий иш амалиётида инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга қаратилган бўлди.

Конференция ишида мамлакатимизнинг етакчи илмий муассасалари, вазирлик ва идоралар ҳамда қатор жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар. Хусусан, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ногиронлар ассотсиатсияси, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази ва бошқа ҳамкор тузилмалар тадбирнинг фаол иштирокчилари бўлди.

Анжуманда ижтимоий жараёнларнинг замонавий тенденциялари, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Рахимова Нигина Хайруллаевна ҳамда марказ директорининг биринчи ўринбосари Алексеева Виктория Сергеевна иштирок этдилар. Марказ раҳбари Н.Х.Раҳимова ўз маърузасида “Замонавий Ўзбекистон: ички ислоҳотлар, инсон капитали шаклланиши, таълим тизими ислоҳоти ва ижтимоий йўналишлар” мавзусида сўз юритди. Унинг чиқишида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий мазмуни, инсон капитали ривожланишининг стратегик аҳамияти ва таълим тизимидаги янгиланишларнинг жамият барқарорлигидаги ўрни илмий жиҳатдан таҳлил этилди.

Конференция иштирокчилари – профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, амалиётчи мутахассислар, таянч докторантлар ва иқтидорли талабалар – илмий фикр алмашув орқали ижтимоий фанлардаги замонавий методологик ёндашувлар ва халқаро тажрибаларни маҳаллий амалиёт билан уйғунлаштириш йўлларини муҳокама қилдилар.

Тадбир якунида илгари сурилган таклиф ва тавсиялар келгусида илмий тадқиқотлар, таълим жараёнлари ҳамда ижтимоий иш амалиётида қўлланилиши белгиланди. “Ганиева Маърифат Ҳабибовнанинг илмий мактабини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги мазкур анжуман нафақат илмий ҳамжамият, балки амалиётчи социологлар ва ижтимоий иш мутахассислари учун ҳам тажриба ва илмий мулоҳазалар алмашишнинг муҳим майдони бўлди. У ижтимоий фанлар тизимидаги илмий меросни асраш, янги авлод тадқиқотчилари учун устувор йўналишларни белгилаш ҳамда мамлакатда ижтимоий барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим қадам сифатида эътироф этилди.