28.02.2025
53
Ҳар йили 27-февраль куни дунё бўйлаб Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни (ННТлар куни) нишонланади. Бу сана нодавлат нотижорат ташкилотларининг глобал ва маҳаллий миқёсдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қўшаётган беқиёс ҳиссасини эътироф этиш мақсадида белгиланган.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролик жамиятининг муҳим таянчи сифатида жамиятдаги турли муаммоларни ҳал этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва меҳнат бозорини ривожлантириш каби соҳаларда фаолият олиб боради. Ушбу ташкилотлар мустақил, тижорат мақсадларини кўзламайдиган ижтимоий институтлар сифатида аҳоли манфаатларига хизмат қилади ва ҳукумат ҳамда хусусий сектор билан самарали ҳамкорлик ўрнатади.
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ҳозирги кундаги муҳим вазифаси ҳисобланади. Ўзбекистон жамияти ҳаётининг турли соҳаларида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фуқаролик жамиятининг ижтимоий институтларидан биридир.
“Ижтимоий фикр” РЖФЎМ Ўзбекистон жамиятида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш жараёнларида ННТнинг ўрнини ўрганиш, фуқаролик ташаббусларининг талабгирлигини янада демократик ривожланиш омили сифатида баҳолаш ва мамлакат ННТ фаолиятининг муваффақиятлилиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида социологик тадқиқот ўтказди, унда ўзбекистонликларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақидаги асосий тасаввури ўрганилди, ННТ фаолияти ва фуқароларнинг ННТ фаолиятига жалб қилиниши учун зарур шарт-шароитлар мавжудлиги ҳақида респондентларнинг фикри аниқланди.
Респондентлардан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақидаги тасаввурлари сўралганда фуқароларнинг турли тоифалари орасида ушбу тасаввурларнинг таркибий-мазмуний кўринишлари етарлича яқинлигини кўрсатди, бу ННТ ижтимоий ҳодисаси жамиятда пайдо бўлаётган тасаввурлар объектига айланганлиги ҳақида далолат бериши мумкин. Аҳоли бир қисмининг кундалик онгида бу тушунчани ҳали ҳам аниқ тушуниш йўқ, деб тахмин қилиш мумкин. Умуман олганда, ННТ ҳақидаги ижтимоий тасаввурлар "ёрдам" асосий тушунчасининг ва унга яқин бўлган "қўллаб-қувватлаш" ва "кўмаклашиш" тушунчаларининг кенгайтмаси сифатида намоён бўлмоқда. Шундай қилиб, фуқароларимизда ННТ аҳолининг долзарб ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради, деган тасаввурга эгалар. Уларнинг тасаввурида хилма-хил ижтимоий ва инсоний йўналишдаги вазифаларни ҳал қилиш, шу жумладан, камбағаллар, ногиронлиги бор шахсларнинг эҳтиёжларини қондириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга оширишда ёрдам бериш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш масалаларида кўмаклашиш ННТнинг фаолияти доирасига киради.
Шунингдек, юртдошларимиз фикрича, ННТ фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари ўртасида мулоқот ўрнатишга ва фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш бўйича уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ёрдам бермоқда.
Умуман олганда, сўров натижалари фуқаролик жамияти, нодавлат сектор ва мамлакатда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий муносабатлар ривожланишининг муҳим омили ва демократия, қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг зарур шартига айланаётганлигини тасдиқлади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти изчил ва босқичма-босқич ривожланиб, такомиллашиб бормоқда, жамиятда жамоат ташкилотларининг ижобий қиёфаси ва уларга нисбатан ижобий муносабат шаклланмоқда. Жами 76,3% сўров иштирокчиларининг тасдиқлашича, мамлакатда амалда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролар манфаатларига хизмат қилмоқда ва уларнинг овозларини юқори ҳокимият органларига етказишга ҳаракат қилмоқда, бу эса аҳолининг янада кўпроқ ижтимоий қониқишига, оилалар фаровонлигини оширишга ва фуқароларнинг долзарб масалаларини ҳал қилишга ёрдам бермоқда.
27-февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муборак бўлсин!