16

Давос-2026: Ўзбекистон Тинчлик Кенгашида – ижтимоий онг ва миллий ўзига хосликка таъсир таҳлили

2026 йилнинг 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган ва Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича Комплекс режани амалга ошириш мақсадида ташкил этилган Тинчлик Кенгаши Низомини имзолади. АҚШ Президенти Доналд Трамп раислигида ўтказилган маросимда Озарбайжон, Арманистон, Аргентина, Баҳрайн, Болгария, Венгрия, Индонезия, Иордания, Қозоғистон, Қатар, Марокаш, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг давлат раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этишди. Ушбу воқеа нафақат халқаро дипломатия нуқтаи назаридан, балки мамлакатимиз фуқароларининг  ижтимоий онги ва ўзини ҳис қилишига таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан ҳам катта эътиборга лойиқдир.

Ўзбекистоннинг Тинчлик Кенгаши Низомини имзолаш маросимида фаол иштирок этиши мамлакат дипломатияси учун чинакам маънодаги улкан ютуқ бўлди. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат йўналишини шунчаки ўзгартирмади - у Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият назарида идрок этилишини қайта шакллантирди. Ўзбекистон халқаро мулоқотда эътироф этилган ҳамкор, глобал кун тартибидаги асосий масалалар муҳокамасида фикри инобатга олинадиган давлатга айланди.

Минтақадаги қўшни мамлакатлар билан муносабатларни мақбуллаштириш муваффақиятли амалга оширилди. Жаҳоннинг етакчи давлатлари билан алоқаларнинг фаоллашганлиги халқаро муносабатларнинг ҳозирги қутбланган шароитида, айниқса, қимматлидир. Минтақавий ва глобал ташаббусларда иштирок этиш, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва можароларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини илгари суриш – булар ягона, изчил ва чуқур ўйланган сиёсатнинг элементлари ҳисобланади. Ўзбекистон бевосита турли тарафлар ишонадиган, бошқалар бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятларни кўраётган жойларда туташ нуқталарни топишга ва воситачи сифатида ҳаракат қилишга қодир мамлакатга айланди.

Тинчлик Кенгаши Низомининг имзоланиши халқаро можароларни ҳал қилишда, коллектив хавфсизлик тизимини яратишда, янада адолатлироқ ва барқарорроқ дунё тартиботини шакллантиришда Ўзбекистон ўйнашга қодир бўлган ролнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишидир.

"Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилаётган жамоатчилик фикри сўровларининг натижалари мамлакат Президенти олиб бораётган ташқи сиёсий курснинг фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланиши ўсиб бораётгани, Ўзбекистоннинг имижи тобора мустаҳкамланаётгани ва ўзбекистонликлар орасида эртанги кунга ишончнинг ортиб бораётганини кўрсатмоқда, улар ижтимоий онгдаги чуқур жараёнларни акс эттирмоқда. Сенинг мамлакатинг Президенти дунё давлатларининг етакчилари билан халқаро ташкилотнинг таъсис ҳужжатини имзолаганида, сенинг мамлакатинг глобал бошқарувнинг янги тизими меъмор-давлатлари қаторига кирганида, уруш ва тинчлик бўйича дунё аҳамиятига молик масалалар ечимида унинг фикрига қулоқ тутганларида - бу нафақат сенда, ҳар бир кишида дунёни мутлақо ўзгача ҳис этиш туйғусини шакллантиради. Бу миллий қадр-қимматни мустаҳкамлашга, фуқароларда ўз мамлакати, унинг ютуқлари ва унинг дунёда тутган муносиб ўрни учун фахр-ифтихор туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Дарҳақиқат, ўтказилаётган комплекс сўровлар натижалари жамиятда ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, миллий ўзликнинг ўсиши, халқаро интеграцияни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кучайиши, жамиятнинг умумий қадриятлар ва мақсадлар атрофида бирлашувини кўрсатадиган тенденцияларни аниқламоқда.

Ўзбекистоннинг Тинчлик Кенгашини ташкил этиш ва Давосда унинг Низомини имзолашдаги иштироки – бу мамлакат тарихида, янги миллий ўзликни шакллантиришда ва Ўзбекистоннинг дунё саҳнасидаги мавқеида муҳим босқичдир. Сўров давомида олинган маълумотлар ушбу воқеа жамиятда кучли акс-садо берганини ишончли тарзда кўрсатмоқда. Ўзбекистонликлар ўз мамлакати билан фахрланадилар, ўз Президентига ишонадилар, эртанги кунга уларнинг ишончи комил.

Сўровлар натижалари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўли нафақат унинг халқаро мавқеини мустаҳкамлайди, балки ўзининг буюк тарихий ўтмишига муносиб, бугунига ишончи комил ва келажакка некбинлик билан интилган янги миллий ўзига хосликни шакллантириш асносида ижтимоий онгдаги туб ўзгаришларни рағбатлантиради, деб таъкидлаш имконини беради.

Ўзбекистоннинг Тинчлик Кенгашида таъсисчи-давлат сифатидаги иштироки нафақат дипломатик муваффақиятни, балки ХХI асрда ривожланиш, халқаро таъсир ва глобал майдонда ўзининг миллий салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг сифат жиҳатидан янги уфқларини очиб берадиган тарихий босқични англатади.