6

2025 йилнинг 11 декабр куни Марказий Осиёда гендер тенглик ва зўравонликка қарши кураш соҳасидаги энг нуфузли минтақавий платформалардан бири Марказий Осиё Альянсининг йиллик форуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида бўлиб ўтди. Мазкур Форум минтақада зўравонликка қарши кураш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва 2026 йил учун устувор йўналишларни белгилашга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.

Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар, экспертлар, Фуқаролик жамияти ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирни очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова нутқ сўзлаб, мамлакатда амалга оширилаётган гендер сиёсатининг устувор йўналишларини таъкидлади.  Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл, Европа ва Марказий Осиё бўйича “БМТ-Хотин-қизлар” тузилмаси минтақавий директори Белен Санс Луке, ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси проректори Алишер Умаровлар қатнашчиларни қутлаб, форум ишига омад тиладилар.

Шундан сўнг форумнинг биринчи мавзуси — Марказий Осиё Альянсининг гендерга асосланган зўравонликни бартараф этиш борасидаги фаолияти тақдимоти ўтказилди. Альянс координатори Ажар Бергенеева амалга оширилган ишлар ва янгича ёндашувлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Форум доирасида бир қанча сессиялар иш олиб борди. Хусусан биринчи сессияда гендер зўравонлиги бўйича минтақавий тенденциялар ва илғор тажрибаларга бағишланган бўлиб, Марказий Осиёнинг беш давлати бўйича зўравонликдан ҳимоя қилишга доир сўнгги ўзгаришлар ва амалиётлар тақдим этилди.

Иккинчи сессияда замонавий рақамли муҳитда аёллар ва қизлар дуч келаётган таҳдидлар, онлайн зўравонликнинг янги шакллари ва ҳимояга оид янада самарали таклифлар билдирилди.

Ушбу муҳим анжуманда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази матбуот котиби Ахмедова Дилдора Олимжоновна ҳам иштирок этди. Марказнинг форумда қатнашиши Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш, гендер тенгликка оид ислоҳотларни илмий асослаш ва рақамли таҳлилларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.