150

Ғалаба муборак чемпионлар!

Ўзбек таэквондосида янги тарих: Светлана Осипова Олимпия ўйинларида финалгача етиб бориб, франциялик Алтея Лорен билан ўтган баҳсида кумуш медални қўлга киритди. У Ўзбекистон тарихида Олимпиада совриндори бўлган илк аёл таэквондочига айланди. Баракалла Светлана!

Терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Акбар Жўраев Париж Олимпиадасида оғир атлетика бўйича кумуш медаль олди. У даст (185 кг) ва силтаб кўтаришда (219) умумий 404 кг тўплаб иккинчи ўринни эгаллади. Офарин Акбар Жўраев!

Париж шаҳрида давом этаётган 2024-йилги ёзги Олимпиада ўйинларининг эркин  кураш баҳслари финалида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, курашчи Разамбек Жамалов олтин медални қўлга киритди. Финалда у япониялик рақиби Даичи Такатанини муддатидан аввал мағлуб этди ва Ўзбекистон ҳисобига 6-олтин медални киритди. Бу Ўзбекистоннинг сўнгги 20 йил ичида эркин кураш бўйича олган илк Олимпия олтин медалидир. Олтин медал муборак Разамбек!

2024-йилги ёзги Олимпиада ўйинларининг бокс баҳслари финалида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Абдумалик Халоқов 57 кг вазн тоифасида қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек ўғлига қарши курашиб  рақибини 5:0 ҳисобида енгди ва  Ўзбекистонга 7-олтин медални тақдим этди. Баракалла Абдумалик!

Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов энг оғир вазн (+92 кг) тоифасида испаниялик рақиби Айюб Ғадфанини мағлуб этиб, Париж Олимпиадасининг олтин медалини қўлга киритди. Бу унинг фаолиятидаги Токио-2020 дан кейинги иккинчи Олимпиада олтини бўлиб, у икки карра Олимпия оʻйинлари чемпиони бўлди. Омад ёр бўлсин Баҳодир!

Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронзага етди.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барча юртдошларимизни ҳамда спортчиларимиз Светлана Осипова, Акбар Жўраев, Разамбек Жамалов, Абдумалик Халоқов, Баҳодир Жалоловларни ғалаба билан муборак этади. Омад ёр бўлсин чемпионлар!