07.12.2024
20
Азиз юртдошлар!
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази барчангизни 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 32 йиллиги байрами билан самимий муборакбод этади.
Асосий Қонунимизнинг Ўзбекистон тараққиётидаги аҳамияти жуда ҳам беқиёсдир. Конституция миллий давлатчилик, суверенитет, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида эришилган барча ютуқ ва марраларнинг мустаҳкам пойдевори, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистоннинг бешта устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилганлиги тарихий аҳамиятга молик бўлди. Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси халқимиз учун ислоҳотлар йўлидаги улкан ишонч, куч-ғайрат ва илҳом манбаи, истиқболга чорловчи буюк маёқ бўлиб хизмат қилади.
Дунёнинг турли минтақаларида зиддият ва қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб, инсоният олдида янгидан-янги муаммолар пайдо бўлаётган ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда мамлакат Раҳбарияти томонидан халқимизнинг эзгу мақсадларига етиш учун Асосий Қонунимизда белгиланган барча қоида ва тамойилларни изчил амалга ошириш юзасидан жадал ишлар олиб борилаётганлиги бениҳоя қувончлидир. Дарҳақиқат, халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий Қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиши лозим. Бу барқарор тараққиётимизнинг асосий мезони ҳисобланади ва, шуниси шак-шубҳасизки, ноёб Конституциямизнинг асосий ижодкори бўлган кўп миллатли ва олижаноб халқимиз Асосий Қонунга таянган ҳолда Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этишимизга ишонади!
Азиз ватандошлар, Конституциямизнинг 32 йиллик байрами муносабати билан сиз азизларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, фаолиятингизда бардавом ютуқлар, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга файзу барака тилаймиз.
Барча эзгу мақсадларимиз амалга ошсин, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон ва бағрикенг халқимиз доимо омон бўлсин!
“Ижтимоий фикр” республика
жамоатчилик фикрини
ўрганиш Маркази