02.06.2025
28
2025 йил 30 май куни Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабида “Мамлакат миллий манфаатларини таъминлашда ахборот-таҳлилий фаолиятни такомиллаштириш: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва идораларнинг вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари ҳамда Олий мактаб талабалари иштирок этдилар.
Конференциядан кўзланган мақсад миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ахборот-таҳлилий фаолиятдаги муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат эди.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказидан конференцияда Марказ директорининг биринчи ўринбосари Виктория Сергеевна Алексеева ва таҳлилий бўлим бошлиғи Азизбек Баҳодирович Таджибаев иштирок этишди.
Конференция секцияларидан бирининг иши доирасида иштирокчилар эътиборига А.Б.Таджибаевнинг “Ислоҳотларни амалга ошириш ва мамлакат миллий манфаатларини таъминлаш доирасида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилишнинг ўрни” мавзусидаги маърузаси ва унинг тақдимоти таклиф этилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида мазкур конференция материалларидан иборат тўплам кенг жамоатчиликка тақдим этилди, тўпламга А.Б.Таджибаевнинг ушбу номдаги мақоласи ҳам киритилган.
Тадбир сўнггида конференция якунлари бўйича муҳокама бўлиб ўтди, тегишли қарор қабул қилинди ва энг фаол иштирокчилар тақдирланди. Тадбирда иштирокчилар давлат ва жамият манфаатлари йўлида таҳлилий фаолиятни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўзаро ўртоқлашдилар.