01.06.2025
30
Азиз юртдошлар! “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барча болажонларни 1-июнь халқаро болажонлар куни муносабати билан муборакбод этади.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунё ҳамжамиятининг бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва фаровон келажагини кафолатлаш борасидаги умуминсоний бағрикенглик тамойилларига содиқлигини намоён этувчи улуғ сана сифатида эътироф этилади.
Бугунги кунда боланинг тўлақонли ривожланиши — нафақат оила, балки бутун жамият, давлат ва глобал инсоният масъулиятидаги устувор вазифадир. ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган конвенциялар, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси, Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция каби халқаро-ҳуқуқий асослар бола манфаатларини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда кенг қамровли сиёсат юритилмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан қабул қилинган қонунлар, миллий дастурлар, “Бола ҳуқуқлари кафолати”, “Оилани қўллаб-қувватлаш”, “Инклюзив таълим” каби давлат дастурлари, болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг институционал механизмлари бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Халқаро болалар куни – бу нафақат байрам, балки эслатма: ҳар бир бола меҳрга, эътиборга, ҳимоя ва таълимга ҳақли. Бу кун биз — катталар учун яна бир бор масъулият, ғамхўрлик ва эзгулик мезонини белгилайди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча болаларга тинч ва соғлом ҳаёт, илм ва маърифатга тўла ёруғ келажак, ҳимоя ва меҳр бағрида ўсиши лозим бўлган гўзал болалик тилаймиз!
Ҳар бир бола — бу миллатнинг юраги, эртанги тараққиётимизнинг асосидир!