222

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази матбуот хизмати раҳбари Дилдора Ахмедова Маданият ва Маърифат каналининг “Агар” кўрсатувида “Ногиронлиги бор фуқаролар имкониятларини кенгайтириш, уларни иқтисодиётимизга жалб қилиш учун шароитлар яратиш” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида эксперт сифатида иштирок этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг, тахминан, 15 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда ҳам бундай тоифадига одамлар сони кам эмас. Ногиронларга қулай шароит яратиш, уларга таълим бериш, муносиб иш ўринлар билан таъминлаш масаласи ниҳоятда долзарбдир. 

Маданият ва Маърифат каналининг “Агар” кўрсатувида “Ногиронлиги бор фуқаролар имкониятларини кенгайтириш, уларни иқтисодиётимизга жалб қилиш учун шароитлар яратиш” мавзусида бўлган суҳбатда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан юртимизда олиб борилаётган сиёсат, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз борди.

Ногироннинг ҳаёти соғлом одамнинг ҳаётидан тубдан фарқ қилади. Мисол учун улар таълим олишда муайян муаммоларга дуч келишмоқда. Ногиронлар учун иш топиш анча қийин, чунки аксарият ҳолларда улар меҳнатга лаёқатли одамнинг ишини бажара олмайди. Aфсуски, бу тоифадаги одамлар жамият томонидан яратилган тўсиқларга ҳам дуч келишади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш борасида Ўзбекистонда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармасида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия ажратилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётининг барча жабҳаларига жалб этишда уларни керакли протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Ногиронлиги бор болалар учун алоҳида имкониятлар яратилмоқда.

– Сўнгги беш йилда “Мурувват” уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.

2023 йили бундай муассасалар учун давлат бюджетидан 624 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, уларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун аввалгига қараганда икки баробардан ортиқ маблағ берилмоқда

12 та жами 975 ўринли ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш Марказлари фаолият юритиб, уларда ҳар йили ўртача 27 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар стационар шароитда бепул реабилитация тадбирларини олиши таъминланмоқда

Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг янгиланган конституциясида ижтимоий адолат тамойили муҳрлаб қўйилди. Демак, эндиликда ижтимоий адолатни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Бу эса ўз навбатда ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни янада жадаллаштириш имкониятини беради.