27

2025 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти ташаббуси “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила — барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда оила институтининг ҳозирги глобал ижтимоий шароитда тутган ўрни, аёлларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер сиёсатини самарали амалга ошириш ҳамда жамиятда барқарорликни таъминлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Конференция иштирокчилари “Яшил оила” модели: хорижий тажриба ва миллий ёндашувлар”, “Оилалар фаровонлиги ва камбағалликни қисқартириш – демографик барқарорлик ҳамда ижтимоий тараққиёт мезони сифатида”, “Масъулиятли ота-оналик маданиятини шакллантириш механизмлари”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёргарлик даражасини оширишнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий ечимлари” ҳамда “Оилада гендер тенглигини таъминлаш – барқарор ривожланиш кафолати” каби 5 та шўъба йиғилишда ўзаро фикр алмашдилар.

Конференцияда 20 га яқин хорижий экспертлар, 80 дан ортиқ оила соҳаcида фаолият юритаётган олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштироки кўзда тутилган. Шунингдек, 30 нафар миллий ва 12 нафар хорижий ва халқаро ташкилотларнинг эксперт, мутахассислари ўз маъруза ва тақдимотлари билан қатнашди.

Ушбу халқаро миқёсдаги тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳам фаол иштирок этди. Марказ директори биринчи ўринбосари Алексеева Виктория Сергеевна ҳамда матбуот хизмати раҳбари Аҳмедова Дилдора Олимжоновна конференция доирасидаги сессияларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, марказ томонидан сўнгги йилларда олиб борилган ижтимоий сўровлар натижалари билан ўртоқлашди.

Мазкур конференцияга ташриф буюрган мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги йилларда жамиятда оиланинг маънавий-маърифий, тарбиявий ва ижтимоий функциялари юзасидан фуқароларнинг онгли талаблари ошиб бораётгани кузатилмоқда. Дарҳақиқат, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан 2023–2024 йилларда ўтказилган мониторинг сўровлари шуни кўрсатдики, аҳолининг таъкидлашича фарзанд тарбияси ва оилавий муносабатлар мустаҳкамлигида давлат сиёсатини ҳал қилувчи омил деб билади. Шунингдек, сўровда иштирок этган респондентларнинг таъкидлашича аёлларнинг меҳнат ва таълим соҳаларида тенг имкониятларга эга бўлиши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим деб ҳисоблаган.

Анжуман давомида халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида долзарб илмий таклифлар ишлаб чиқилди. Улар орасида оилавий муаммоларни барвақт аниқлашда маҳаллий психологик хизматлар фаолиятини кучайтириш, аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, таълим ва тарбияда давлат ва жамиятнинг ўзаро масъулиятини таъминлаш каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

Тадбир якунлари Ўзбекистонда оила институтини янада ривожлантириш, гендер масалаларидаги илмий таҳлилларни амалиёт билан боғлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш учун янги истиқболлар эшигини очди.