28

2025 йил 1–5 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бошланди. “Ёшлар ижод саройи”да “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳафталик Президентнинг фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган фармойишлари ижросини таъминлаш, давлат органлари ва жамоатчилик ўртасида самарали мулоқотни кучайтириш, ҳамкорлик ва очиқликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Парламент комиссияси раиси Адҳам Шадманов очиб берди. Маросимда мамлакат парламенти, давлат бошқаруви органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, дипломатик корпус, элчихона вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Очилиш қисмида қатор нуфузли спикерлар кириш сўзи билан чиқиш қилди. Олий Мажлис қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Сенат Раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги вакили Акико Фужии, Адлия вазири Акбар Ташкулов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти, Озарбайжон Республикаси ННТларни қўллаб-қувватлаш агентлиги директори Айгюн Алиева, Ўзбекистон маҳаллалалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуранбоев ва Омбудсман Феруза Эшматова ўз маърузаларида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳамкорлигини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва очиқликни кенгайтиришнинг устувор вазифаларини таъкидладилар.

Очилиш маросимидан сўнг “Жамоатчилик кенгашлари форуми” бўлиб ўтди. Тадбирда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ҳақида видеоролик намойиш этилди. Шунингдек мазкур форумда Адлия вазири ўринбосари Нуъмон Мухаммадиев, “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, БМТТД Ўзбекистондаги вакили ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси элчиси Тойво Клаар томонидан жамоатчилик кенгашларининг ҳуқуқий асослари, фаолият самарадорлиги ва давлат органлари ҳузурида жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича муҳим фикрлар билдирилди.

Асосий маърузаларда адлия вазирлиги, ички ишлар вазирлиги, транспорт вазирлиги, рақамли технологиялар вазирилиги, БМТТД лойиҳалари ва “Юксалиш” ҳаракати жамоатчилик кенгаши раислари ва мутахассислари томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятидаги амалий тажрибалар, олинган сабоқлар ва мониторинг натижалари тақдим этилди. Шунингдек, “Энг фаол жамоатчилик кенгашлари”ни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини оширишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди. Унда “Юксалиш” ҳаракати раҳбарияти, Швейцария Тараққиёт агентлиги ва маҳаллий ННТлар иштирокида жамоатчилик муҳокамалари натижалари, донорлар билан ҳамкорлик салоҳияти ва ҳудудлар эҳтиёжлари таҳлил қилинди.

Мазкур йирик тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тезкор тадқиқотлар бўлими мутахассиси Бобоев Шерзод Норкузиевич, Матбуот хизмати муҳаррири Имамов Сирожиддин Санжаровичлар қатнашиб, тадбирнинг илмий-амалий жараёни, жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга доир ташаббуслар билан чиқишди.