19.10.2025
11
2025 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар пресс клуби”да вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда ёшлар сиёсати соҳасидаги долзарб масалалар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳамда ёшлар билан ишлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича амалий таклифлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ёшлар масалалари бўйича масъул ходимлар иштирок этиб, “Раҳбар ва ёшлар” ҳамда “Вазир ва ёшлар” форматларида ўтказилаётган5 учрашувларнинг натижадорлигини таҳлил этдилар. Шунингдек, ёш кадрлар билан индивидуал ишлаш тизимини такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ёшлар сиёсатига оид вазифалар ижросини баҳолашга қаратилган TOP REYTING (KPI ва индикаторлар) тизими лойиҳаси муҳокама қилинди.
Йиғилишда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Бобоев ҳам фаол иштирок этди. У ўз чиқишида марказ томонидан ёшлар ўртасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, ижтимоий сўровлар ва уларнинг натижалари ҳақида ахборот берди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан ёшлар билан ишлаш соҳасида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёш кадрларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, ёшлар фаолиятини илмий асосда таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Шу тариқа, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг “Ёшлар пресс клуби”даги иштироки ёшлар сиёсати соҳасидаги долзарб йўналишларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалий натижалар билан уйғунлаштириш, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёш авлоднинг ижтимоий-руҳий ривожланишига ҳисса қўшиш йўлида муҳим қадам бўлди.