26.10.2025
11
“V Тошкент Аксилкоррупция Форуми: Муҳокамалардан реал ўзгаришларгача”
2025 йил 23 октябр куни Тошкент шаҳрида “V Тошкент Аксилкоррупция Форуми” бўлиб ўтди. Форум “Муҳокамалардан реал ўзгаришларгача” шиори остида ташкил этилди ва у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда очиқлик ва масъулият маданиятини ривожлантиришга қаратилди.
Мазкур нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2025 йил иккинчи ярим йиллик иш режаси доирасида бўлиб ўтди. Форум доирасида Марказий Осиё, Европа ва Осиё минтақаларидан 20 дан зиёд давлат ва халқаро идоралар, шу жумладан БМТ, ЕИ, ИҲТТ, ЙХҲТ, ГИЗ каби нуфузли ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлари иштирок этди
Пленар сессияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, ЕИ делегацияси вакили Рената Робел, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, ИҲТТ ва ЙХҲТ каби ташкилотлар раҳбарлари нутқ сўзладилар. Улар мамлакатда амалга оширилаётган коррупцияга қарши ислоҳотларни халқаро стандартларга мувофиқ янада кучайтириш, давлат бошқарувида очиқлик ва жавобгарликни ошириш масалаларига тўхталиб ўтдилар
Форумнинг биринчи сессияси “Сунъий интеллект – коррупцияга қарши кураш воситаси сифатида” мавзусида ўтди ва унда рақамли технологиялар орқали шаффофликни таъминлаш, маълумотлар таҳлили асосида назорат тизимларини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Иккинчи сессияда “Комплаенс назоратининг янги босқичи: давлат органлари ва корхоналарда коррупцияни олдини олиш”, учинчи сессияда эса “Коррупцияга қарши таълим: самарадорлик ва хабардорликни ошириш стратегиялари” мавзуларида илмий ва амалий фикр алмашувлар бўлиб ўтди
Тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисод фанлари доктори Нигина Хайруллаевна Раҳимова ҳам иштирок этди. Унинг иштирокида жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш, фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини кучайтириш ва коррупцияга қарши маърифий маданиятни шакллантириш масалалари бўйича мулоҳазалар билдирилди. Н.Х.Раҳимова жамиятда коррупцияни камайтиришнинг асосий омили сифатида социологик таҳлил ва аҳоли кайфиятини илмий мониторинг қилишнинг долзарблигини таъкидлади.
Форум якунида давлат идоралари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида қабул қилинган тавсиялар мамлакатда амалга оширилаётган “Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси”ни такомиллаштириш ва ижтимоий масъулиятни ошириш йўналишида амалий дастур сифатида хизмат қилиши таъкидланди.


