02.05.2025
59
Жорий йилнинг 2 май куни “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси 9 май куни — Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида жойлашган “Ғалаба боғи” мемориал мажмуасига маънавий-маърифий ташриф уюштирилди.
Ташрифнинг асосий мақсади — Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган жанг ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида Ватан олдидаги хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг муқаддас хотирасини абадийлаштириш, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром билдириш, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва ёш авлод онгида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Марказ ходимлари “Ғалаба боғи”да жойлашган “Мотамсаро она” ҳайкали, “Жасурлик девори” каби рамзий ёдгорликлар ёнида гул қўйиб, ҳалок бўлган фидойи юртдошлар хотирасини ёд этишди. Шундан сўнг, “Шон-шараф” музейига ташриф буюрилди. Музейдаги экспозициялар орқали меҳмонлар Ўзбекистон фарзандларининг урушдаги ва меҳнат фронтидаги жасорати, ғалабага қўшган ҳиссаси, шунингдек, мустақиллик йилларида давлат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга қаратилган фидокорона хизматлари ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар.
Ташриф чоғида марказ ходимлари ўртасида ватанпарварлик тарбияси, миллий қадриятларнинг замонавий-маънавий ҳаётдаги ўрни, ёшларни ижтимоий фаолликка ундашнинг долзарб масалалари юзасидан мулоҳазалар алмашилди.
Мазкур ташаббус “Ижтимоий фикр” марказининг ижтимоий онг, миллий ўзлик, жамоавий хотира ва ижтимоий-ахлоқий масъулият каби тушунчаларни жамият онгида мустаҳкамлашга хизмат қилувчи амалий фаолиятининг муҳим қисми саналади.