18

Ижтимоий фикр Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Рахимова Нигина Хайруллаевна “Жамият фикрини ўрганиш зарур” мавзусидаги “Мувозанат” кўрсатувида эксперт сифатида иштирок этди.

Кўрсатувда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, давлат ва жамият муносабатларида очиқлик ва мулоқот маданиятини ривожлантириш, фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида жамоатчилик фикрини илмий асосда ўрганиш, аҳоли кайфияти ва муносабатини таҳлил қилиш давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолашда муҳим мезон эканлиги таъкидланди.

Рахимова Нигина Хайруллаевна ўз чиқишида жамоатчилик фикри давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот кўприги эканини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар бир фуқаронинг фикри ва муносабати ислоҳотлар самарадорлигини белгилайдиган асосий индикатор ҳисобланади. Илмий ва тизимли социологик тадқиқотлар орқали давлат органлари аҳоли эҳтиёжлари ва кайфиятини чуқур англайди, бу эса қарор қабул қилиш жараёнларида аниқ ва манзилли ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Кўрсатувда Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи ҳам атрофлича таҳлил этилди. Президент ўз нутқида “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз” деди.  “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2025 йил сентябр ойида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг катта қисми Президентнинг мазкур нутқини ижобий баҳолаган. Респондентларнинг аксарияти ушбу чиқиш мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширгани, фуқароларда ислоҳотларга бўлган ишончни мустаҳкамлаганини таъкидлашган.

Суҳбат давомида Рахимова Нигина Хайруллаевна шундай фикр билдирди: “жамоатчилик фикрини ўрганиш ва мунтазам равишда таҳлил қилиш давлат ва жамият ўртасида ишончни мустаҳкамлайди, фуқароларда ижтимоий масъулият ва танқидий фикрлашни ривожлантиради. Шунингдек, Н.Х.Рахимова “Ислоҳотларнинг таъсирини фақат рақамлар эмас, балки одамларнинг кайфияти, фикри ва ишончи орқали баҳолаш керак. Жамоатчилик фикри – жамиятдаги барқарорлик ва бирдамликнинг асосий кўрсаткичидир.”

“Мувозанат” кўрсатуви орқали жамоатчилик ва давлат вакиллари ўртасида очиқ мулоқот муҳити яратилмоқда. Мазкур лойиҳа фуқароларда танқидий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, сиёсий онг, сиёсий маданиятини ошириш ва ижтимоий фаолликни рағбатлантиришга хизмат қилади. Мутахассислар таъкидлаганидек, жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш нафақат муаммоларни аниқлаш, балки уларга манзилли ечим топиш имконини ҳам яратади.

Бу суҳбат “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг илмий салоҳияти ва социологик таҳлилга таянадиган фаолиятининг амалий аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Кўрсатув орқали жамиятда фикрлар хилма-хиллигига ҳурмат, очиқ мулоқот маданияти ва давлат билан фуқаро ўртасидаги ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ғояси кенг ёритилди.