10

21 октябрь — ўзбек халқининг миллий ғурури ва маънавий озодлигини ифодаловчи улуғ сана — Ўзбек тили байрами кунидир.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси барча юртдошларимизни ушбу байрам билан чин дилдан табриклайди.

Ўзбек тили – бу нафақат халқимизнинг сўз бойлиги, балки унинг маънавий дунёси, миллий онги ва бирдамлигининг асосидир. Бугун ўзбек тили давлат тили сифатида юртимизнинг барча жабҳаларида яъни, давлат бошқаруви, таълим, илм-фан, матбуот, маданият ва ҳуқуқий соҳаларда етакчи ўринни эгаллаб, мамлакатимиз тараққиётининг маънавий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Она тили – миллий ўзлигимизни ифода этадиган беқиёс маънавий бойлигимиздир. Тилни асраш – миллатни асраш демакдир.” Шу маънода, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унинг илмий, расмий ва ижтимоий соҳалардаги қўлланилишини кенгайтириш барчамиз учун муҳим вазифадир.

Бугун юртимизда Ўзбек тили байрами кенг нишонланмоқда. Барча таълим муассасаларида, маданий марказларда, кутубхоналар ва оммавий ахборот воситаларида “Она тилим – фахрим меним”, “Тил – миллат руҳи” шиорлари остида маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, ижодий учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу жараён тилга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни янада мустаҳкамламоқда.

Фикримизча, тил халқ онгининг асосий кўзгуси, жамият тараққиётининг мезонидир. Миллий ўзлигимиз, маданиятимиз ва умуминсоний қадриятларга садоқатимиз айнан тил орқали намоён бўлади. Шу боис, ҳар бир фуқаро она тилининг софлигини сақлаш, унинг нуфузини ошириш ва келажак авлодларга пок ҳолда етказиш учун масъулдир.

Марказ жамоаси барча юртдошларимизни она тилимизни ардоқлаб, уни ҳаётнинг барча соҳаларида фаол қўллашга, ёш авлод онгида тилга ҳурмат ва ифтихор туйғусини мустаҳкамлашга чақиради.

Она тилимизнинг шаънини улуғлаб, юртимиз келажаги учун хизмат қилаётган барча ҳамюртларимизни Ўзбек тили байрами билан самимий табриклаймиз!
Юртимизда ҳар бир сўз ўз она тилимизда янграсин, ҳар бир фикр ўзбек тилида ифода этилсин, ҳар бир қалбда миллий ифтихор ва маънавий бирлик ёрқин бўлсин!

Байрам муборак!
“Ижтимоий фикр” республика

жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази