1587

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

ЮНЕСКОнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда қарийб 7 мингга яқин тил мавжуд, лекин улардан фақат 200га яқинигина давлат тили мақомига эга. Шулар қаторида бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши сўзлашиб, кўплаб мамлакатларда катта иштиёқ билан ўрганилаётган гўзал ва жозибали тил - ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни ғурурга тўлдиради.

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон Қонунига асосан эса 21 октябрь мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Дунёнинг азалий ва бой тилларидан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун давлат мустақиллигининг рамзи, улкан маънавий қадрият ва миллий ўзлигимиз белгисига айланган.

Сўнгги йилларда юртимизда ўзбек тили масаласидаги давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг равишда олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон пойдевори яратилаётган ушбу шиддатли кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ривожини таъминлаш билан бир қаторда халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси бўлмиш ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифалардан бирига айланди. 

Бугун ҳар бир инсон ўзининг ёши, жинси, эътиқоди, касб-кори, лавозими ва яшаш жойидан қатъи назар, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Зеро, давлатимиз Раҳбари таъкидлаганидек, ўзбек тилига бўлган муносабат, мустақилликка бўлган муносабат ҳисобланади.

Ўзбек тили байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!