318

16 ноябр – Халқаро бағрикенглик куни

Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, ҳозирда бағрикенгликка оид 70дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг ёрқин намунаси 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дир. Ҳозирда ушбу кун бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади. 

Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, беғубор осмон аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб кетди. Юртимизда хилма–хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаётганлиги бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бўлиб, улар 16 та  турли конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Бугунги кунда улар тинч, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар.    

Жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Шунингдек,
Конституциямизда ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган. Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъий назар уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади.

Жамиятда юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар ва зиддиятли вазиятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича тадбирларни ташкил этиш учун асос сифатида миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини мониторинг қилиб бориш миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан бағрикенгликка асосланган мамлакатда миллатлараро муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияларини ҳамда бошқа миллатлар вакилларига муносабат бўйича Ўзбекистонликларнинг фикрларини ўрганиш мақсадида мониторинг режимида “Фуқаролар миллатлараро муносабатлар ҳақида” мавзусида 2023 йилнинг 9-13 октябрь кунлари, 18 ва ундан катта ёшдаги респондентлар ўртасида телефон орқали сўров олиб борилди.

Тадқиқот жараёнида аниқланишича, туб миллат вакиллари миллатлараро муносабатларнинг ҳолатини юксак баҳолашади: 89,2% сўралганларнинг ҳисоблашича, мамлакатимиздаги турли миллатлар вакиллари ўртасидаги муносабатларни хайрихоҳ, дўстона ва яхши қўшничилик муносабатлари сифатида тавсифлаш мумкин. Марказий Осиё халқлари вакиллари орасидан 93,8% сўров иштирокчилари бу  фикрга қўшилишди, славян гуруҳи вакиллари орасида фикрлар иккига бўлинди, аммо улар ҳам ижобий тусга эга.

Олинган натижалар фуқароларнинг ижобий ижтимоий кайфиятини акс эттиради ва Ўзбекистон жамиятидаги турли миллатлар вакиллари ўртасидаги муносабатларнинг умумий ижобий асосларини қайд этади. Ўзбекистонликларнинг кўпчилик қисми миллатига кўра ўзини хуш кўришмаётганини ҳис қилмайди, ҳуқуқларининг камситилиши ва ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатига дуч келмаган.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари Ўзбекистонда давлатимиз Раҳбари етакчилигида аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик, турли миллатлар ва халқлар ўртасида ҳурмат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган мутаносиб, чуқур ўйланган ва конструктив миллатлараро сиёсат амалга оширилаётганлигини тасдиқлайди. Мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси жамиятда барқарорлик ва тинчликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.