10.11.2023
316
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити
Жорий йилнинг 8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити бўлиб ўтди. 1992 йил ноябридан буён ташкилотга аъзо бўлган Ўзбекистон ИҲТнинг кўп томонлама саммитига илк бор мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон ИҲТни Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқда ривожланишни яхшилаш ҳамда савдо ва инвестициявий имкониятларни илгари суриш йўлларини муҳокама қилиш учун платформа сифатида қарайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон минтақалараро транзит тугунларини яратиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини мақбуллаштириш, халқаро юклар ва йўловчи ташиш шартларини соддалаштириш ҳамда транспорт соҳасига рақамлаштиришни жорий этиш тарафдори бўлиб майдонга чиқмоқда. Бугунги кунда ИҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари ҳисобланади.
“Ижтимоий фикр” РЖФЎМ томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистон ва нуфузли халқаро ташкилотлар ўртасидаги ўзаро конструктив ва самарали ҳамкорлик тарафдори эканлигини, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшиш, яқин ва узоқ хориж давлатлари билан дўстона алоқаларни давом эттириш, иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий-гуманитар соҳаларда конструктив ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди. Ижтимоий сўровлар таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакат фуқаролари минтақада савдони соддалаштириш ва минтақа давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Ўзбекистонни Осиё-Тинч океани минтақаси, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғловчи трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш тарафдоридир.
Жамоатчилик фикрида давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари, жумладан, саноат кооперациясини фаоллаштириш, ишбилармонлик алоқалари ва саноат марказларини шакллантиришга доир чиқишлари юқори даражада қўллаб-қувватланиши устунлик қилмоқда, ушбу ташаббуслар мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари сонини кўпайтириш ва фуқаролар фаровонлигини ошириш омили сифатида қабул қилинмоқда.
Бугунги кунда ўзбекистонлик аксарият фуқаролар учун Ўзбекистоннинг ИҲТ доирасида энергетика соҳасидаги ва минтақалараро энергия узатиш тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, «яшил» энергия технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Мамлакатимиз аҳолиси учун Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Ижтимоий сўровлар таҳлили ИҲТга аъзо барча мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш минтақанинг мавжуд экологик муаммоларига, жумладан, республикамиз аҳолиси ҳозирнинг ўзида тўқнаш келаётган сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг чўлланиши, чанг бўронларининг кўпайиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси айрим турларининг қисқариши каби муаммоларга ижобий таъсир кўрсатиши жамиятда чуқур англанаётганини ишонч билан таъкидлаш имконини беради.
Ўзбекистонликлар ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида истиқболда ҳам ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик давом эттирилишини, минтақада маданий-гуманитар шерикликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришни ҳамда туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдилар.
Мониторинг сўровлари, кўпчилик фуқароларнинг фикрича, давлатимиз Раҳбарининг мутаносиб ва пухта ўйланган сиёсати, мамлакатимизнинг ИҲТ каби обрўли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштироки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва миллий манфаатларни илгари суриш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилиш учун мустаҳкам замин яратаётганини аниқлади.
Ҳозирги пайтда ИҲТ юксак нуфузга эга бўлиб, минтақанинг кўплаб мамлакатлари учун жозибадор ҳисобланади, чунки у аъзо мамлакатларга Ташкилот доирасида самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имконият ва шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Ўзбекистонликлар ИҲТнинг иштирокчи давлатларга самарали минтақавий иқтисодий ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратиш, минтақада халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, тенглик, ўзаро ҳурмат ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида кенг, очиқ, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни шакллантириш бўйича фаолиятини ижобий баҳолайди. Улар минтақадаги қўшнилар билан савдо-иқтисодий алоқалар янада ривожлантирилиши, кимё, энергетика, геология, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика ва қурилиш тармоқларида янги қўшма лойиҳалар амалга оширилишидан умид қиладилар.
Ўзбекистон жамиятида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити тўғрисида мамлакатимиз, Марказий Осиё минтақаси ва умуман бутун дунё миқёсидаги бу муҳим сиёсий воқеа ушбу ташкилот доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга катта ҳисса қўшади ҳамда мамлакатимизга иқтисодий ривожланиш учун янги имкониятлар яратади, ИҲТга аъзо барча мамлакатлар манфаатларига мувофиқ шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларини илгари суришда ёрдам беради, деган тасаввур устунлик қилади.