01.08.2023
281
30 июль – Халқлар дўстлиги куни
Ўзбекистон заминида қадимдан турли миллат вакиллари яшаб, билимлари билан алмашиб, савдо-сотиқ қилишган. Халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик ва олийҳимматлик айнан мана шу илдизларга эга. Ўзбекистонда ҳукм сураётган бирдамлик, тинчлик ва тотувлик мамлакатнинг энг катта бойлигидир. Республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб, меҳнат қилмоқда. Бизни маданият, анъаналар, урф-одатларнинг умумийлиги, тилларнинг яқинлиги, кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат боғлаб туради. Мамлакатимизда 138 та миллий маданият маркази ва 34 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатиб турибди. 16 та конфессияга тегишли 2225 та диний ташкилот ўз ишини эркин амалга оширмоқда.
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ҳар йили ўтказиладиган «Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар жамоатчилик фикри кўзгусида» мавзусидаги социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, жамоатчилик онгида мамлакатимизнинг этник-маданий ва тил хилма-хиллиги, маданиятлараро ва динлараро ҳамкорликнинг кўп асрлик тажрибаси кўп миллатли Ўзбекистон халқининг мероси эканлигига комил ишонч ҳукм сурмоқда. Олинган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар аксарият фуқаролар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Турли миллат вакилларидан иборат 86% сўров иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимизда 130 дан ортиқ турли миллат ва элатларнинг бир давлатда яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик учун кучли пойдевор яратилган, ўзбекистонликларнинг умумфуқаролик ва миллатлараро бирдамлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқларининг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини уйғунлаштиришга қаратилган чуқур ўйланган миллий сиёсат амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда «Дўстлик» ҳафталигини нишонлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг ўринбосари Попенкова Албина Викторовна «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Марказ ходимлари А.В.Попенковани муносиб мукофот билан самимий муборакбод этади ва унга мустаҳкам соғлиқ, кейинги ишларида улкан муваффақиятлар тилайди!