05.10.2023
203
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази «ФУҚАРОЛАРНИНГ ТАСАВВУРЛАРИДА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ:ХАБАРДОРЛИК, ТУШУНИШ, МУНОСАБАТ» мавзусидаги социологик сўровни ўтказишни бошлади. Тадқиқотнинг мақсади фуқароларнинг мажбурий меҳнат тўғрисидаги, кўпинча қандайдир жазо ёки ишдан бўшатиш таҳдиди остида ишларни бажаришга қайси аҳоли тоифалари жалб этилишлари ҳақидаги тасаввурларини ўрганиш, шунингдек, респондентларнинг фикрига кўра, ходимларни бевосита касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш хавфи энг катта бўлган соҳаларни аниқлаш ҳисобланади. Сўров давомида ўзларининг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай турдаги ишларни бажаришга мажбур қилиш билан боғлиқ шахсий салбий тажрибага эга бўлган фуқароларнинг улушини аниқлаш режалаштирилган.
Телефон сўровида мамлакат минтақаларининг шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва ўрта ёшдагилар, турли касблар ва ижтимоий табақаларга мансуб кишилар, турли соҳаларда ишловчилар иштирок этади.
Сўровда мамлакатдаги барча шаҳар ва мобил телефон абонентлари орасидан тасодифий равишда танлаб олинган респондентларнинг стратификацияланган танловидан фойдаланилади.
Ахборот тўплаш Марказ мутахассислари томонидан тайёрланган ягона стандартлаштирилган сўровнома бўйича интервью ўтказиш орқали амалга оширилади.