279

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Болаларни ҳимоя қилиш куни барча катталарга болалар дунёси нозик эканлигини, унга таянч ва ҳимоя кераклигини эслатишга қаратилган. Бу бутун инсоният эътиборини сайёрамизнинг барча бурчакларида болалар дуч келаётган муаммоларга қаратиши керак бўлган байрамдир.

Болаларни ҳимоя қилиш кунини ўтказиш тўғрисидаги қарор 1925 йилда Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган эди.

1959 йилда Декларация қабул қилиниб, унда болаларнинг яшаш, зўравонликдан ҳимоя қилиниш ва уларнинг келажаги ҳақида давлатнинг ғамхўрлик қилиши бўйича ҳуқуқлари белгиланди. 1979 йил халқаро болалар йили деб эълон қилинди, 1989 йилда эса болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини, Ер юзидаги барча болаларнинг тенг ва бир хил ҳуқуқларини таъминлайдиган бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси оила ва болалик ижтимоий сиёсати соҳасида тизимли ёндашувни амалга оширмоқда. Ушбу ёндашув норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишида, институционал асосларнинг ривожлантирилишида, оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларида ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат муҳофазасига олинган. Она ва бола манфаатларини ҳимоя қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирлар билан таъминланади.

Шуни эътироф этиш керакки, боланинг шахсияти тўлиқ ва баркамол ривожланиши учун у оилавий муҳитда, бахт ва муҳаббат, ўзаро тушуниш муҳитида ўсиши керак.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан замонавий оила масалалари бўйича жамоатчилик фикрини комплекс ўрганиш доирасида оилавий ички муносабатлар, ота-оналар ва болалар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар тўғрисида ҳар йили амалга ошириладиган мониторинг ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида болалар оиланинг бош маъноси ва қадрияти эканлиги ҳақидаги тасаввур устунлик қилишини аниқлаб берди (94,2%). Аксарият фуқароларнинг фикрига кўра, оилада болалар бўлишининг шартлиги асосий ҳаётий қадриятлардан бири бўлиб, у инсоннинг ўзига ва ўз кучига бўлган ишончини таъминлайдиган мустаҳкам асос ҳисобланади ва оила қуришнинг сабабларидан бири ҳамдир.

Кўпчилик респондентларнинг фикрига кўра (97%), болаларнинг ривожланиши ва тарбияси учун шарт-шароитларнинг таъминланишига ота-она бирдек масъулиятли бўлиши керак. Ота-она ўз фарзандларида, энг аввало, меҳр-муҳаббат, эзгулик ва меҳр-шафқат, Ватанга садоқат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат, масъулият ва ўз қадр-қимматини сақлаш туйғуларини тарбиялаши, оиладаги тарбия болаларда уддабуронлик, меҳнатга ва билим олишга муҳаббат каби фазилатларни қарор топтиришга қаратилган бўлиши кераклигига респондентларнинг ишончи комил.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ барча болаларни ушбу байрам билан табриклайди ва ҳар бир болага мустаҳкам соғлик ва беғубор болаликни тилайди.

Ҳар бир бола соғлом ва бахтли бўлсин!

 

 

Манбаhttps://www.nur.kz/leisure/holidays/1858076-den-zasity-detej-istoria-i-celi-prazdnika/

Манба: Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: кўрсатмалар ва устуворликлар 2023 - IF (ijtimoiyfikr.uz)