21.10.2024
72
21-октябр Ўзбек тили байрами куни
Ҳурматли ватандошлар!
Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ходимлари Сиз азизларни 21-октябр – Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикасининг давлат тили сифатида қабул қилинган куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этади!
Барчамизга маълумки, 1989-йил 21-октябр куни “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу тарихий қадам халқимизнинг миллий ўзлиги, маданияти ва маънавий меросини қарор топтиришда муҳим босқич бўлди. Минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган ўзбек тили миллий ўзлигимизнинг муҳим таркибий қисмидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2020-йил 10-апрелдаги ЎРҚ-615-сонли Қонунига мувофиқ 21-октябр расман Ўзбек тили куни деб эълон қилинди. Бундай қарор қабул қилиниши мустақил давлатнинг хар жабҳада гуллаб яшнашини ва мамлакат аҳолисининг турмуш тарзида она тилининг алоҳида аҳамияти борлигини таъкидлайди.
Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб — халқимизнинг маънавий бойлиги, аждодларимизнинг маданий ва илмий мероси, тафаккуримиз ва миллий қадриятларимизнинг асл ифодасидир. Тилимизда яратилган бебаҳо адабий асарлар, ҳикматли сўзлар, тарихий манбалар жаҳон маданияти хазинасини бойитиб келмоқда. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фурқат, каби буюк шоир ва мутафаккирларимиз ўз асарлари билан на фақат ўзбек тилининг, балки инсон маънавиятининг чексиз салоҳиятини намоён этишган.
Шу ўринда бизнинг бурчимиз — ёш авлодни она тилимизга муҳаббат ва ҳурмат руҳида тарбиялаш, унинг қадрини билган холда, тилимиз бойлигини асраб-авайлаш, ўзбек тилини янада равнақ топтириш, унинг дунё майдонидаги нуфузини оширишда ўз ҳиссамизни қўшишдир. Ўзбек тилини дунё саҳнасига олиб чиқиш — ҳар биримиз учун ифтихор ва масъулиятдир.
Шу қутлуғ байрам муносабати билан «Ижтимоий фикр» РЖФЎМ номидан барчангизга тинчлик-осойишталик, соғлиқ-саломатлик ва ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Ўзбек тилимиз доимо юксалсин, унинг гўзаллиги, қудрати ва бойлиги ҳар бир қалбга муҳрланиб бораверсин.
Ўзбек тили байрами муборак бўлсин азизлар!