18.08.2026
13
МУСТАҚИЛЛИК - МИЛЛИЙ ҒУРУР, ФУҚАРОЛИК БИРДАМЛИГИ ВА КЕЛАЖАККА ИШОНЧ ИФОДАСИ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан аҳоли ўртасида социологик тадқиқот ўтказишни бошлади. Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг мустақилликка муносабатини, Ватан билан фахрланиш туйғусини, миллий бирдамлик, фуқаролик мансублиги ва мамлакат келажаги учун шахсий масъулият ҳақидаги қарашларини ўрганишдан иборат.
Сўров доирасида мустақиллик байрамининг аҳолида уйғотаётган ҳис-туйғулари, фуқаролар тасаввурида давлат мустақиллигининг мазмун-моҳияти, мамлакатнинг мустақил тараққиёт йилларида эришган муҳим ютуқларига берилган баҳо ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборида кузатилаётган ўзгаришлар таҳлил қилинади. Шунингдек, жамиятни бирлаштираётган қадриятлар, ватанпарварлик ва фуқаролик ўзлиги, миллий маданият, тил ва анъаналарга муносабат, миллатлараро ҳамжиҳатлик ҳамда фуқароларнинг шахсий ва оилавий келажагини мамлакат истиқболи билан қай даражада боғлаши ўрганилади.
Тадқиқотда аҳолининг Мустақиллик кунига бағишланган оммавий тадбирларга муносабати, байрам дастурларида иштирок этиш даражаси ва турли маданий-маърифий тадбирларга қизиқишига ҳам эътибор қаратилади. Айни пайтда фуқароларнинг Ўзбекистон келажаги ҳақидаги тасаввурлари, мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун муҳим деб ҳисоблаётган устувор йўналишлари аниқланади.
Сўровда иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, олинган жавоблар махфий сақланади ва фақат умумлаштирилган шаклда таҳлил қилинади. Тадқиқот натижалари мустақилликнинг жамият ижтимоий-маънавий ҳаётидаги ўрнини, аҳолининг фуқаролик позициясини, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини ҳамда Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига доир умид ва қарашларини илмий асосда баҳолашга хизмат қилади.


