20

ТАДБИРКОРЛАР ФИКРИ - ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИДАГИ ИМКОНИЯТ ВА МУАММОЛАР ЎРГАНИЛМОҚДА

Мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда рақобатбардош ишбилармонлик муҳитини шакллантириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу жараёнда тадбиркорларнинг амалий тажрибаси, мавжуд шароитларга муносабати ва ривожланиш эҳтиёжларини илмий усуллар асосида ўрганиш бошқарув қарорларининг аниқлиги ва манзиллилигини таъминлайдиган муҳим ахборот манбаидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида уларни ўйлантираётган масалаларни бевосита ўрганиш, мурожаат ва таклифларни умумлаштириш ҳамда аниқланган муаммоларга амалий ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу мақсадда вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида учрашувлар, мулоқотлар ва сўровлар ташкил этилган, тадбиркорлик фаолиятига таъсир кўрсатаётган иқтисодий, молиявий, инфратузилмавий, солиқ ва ҳуқуқий масалалар ўрганилган.

Мазкур жараёнлар тадбиркорлар фикрини илмий асосда ўрганишга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади. Чунки тадбиркорлик муҳитининг ҳаққоний ҳолатини фақат расмий иқтисодий кўрсаткичлар орқали тўлиқ баҳолаш қийин. Тадбиркорларнинг кундалик фаолият давомида орттирган тажрибаси, мавжуд имконият ва тўсиқларга берган баҳоси ҳамда келгуси режалари соҳадаги ўзгаришларнинг ижтимоий мазмунини очиб беради.

Ушбу долзарб вазифалардан келиб чиқиб, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Бизнес юритиш муҳити ва шароитларини тадбиркорлар томонидан баҳолаш» мавзусида социологик сўров ўтказмоқда.

Тадқиқотнинг асосий мақсади тадбиркорларнинг амалий тажрибаси, шахсий баҳолари ва эҳтиёжларини ўрганиш орқали мамлакатдаги тадбиркорлик муҳитининг жорий ҳолатини аниқлаш, соҳа ривожига таъсир кўрсатаётган омилларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга доир илмий асосланган хулоса ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Сўров доирасида тадбиркорлик субъектларининг йиллик айланмаси ва бандлик кўрсаткичлари, тадбиркорларнинг ўз фаолиятидан қониқиш даражаси, корхоналарнинг жорий молиявий-иқтисодий аҳволи ҳамда сўнгги ўн икки ойдаги ўзгаришлар юзасидан фикрлар ўрганилади. Бу орқали турли кўламдаги тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий барқарорлиги, ривожланиш имкониятлари ва келгуси фаолиятга доир кутилмалари баҳоланади.

Тадқиқотда мижозлар ва талабнинг етарлилиги, рақобат даражаси, солиқ юки, маъмурий тартиб-таомиллар, айланма маблағлар танқислиги, кредит ва бошқа молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятлари, хомашё ва ресурслар нархининг ўсиши ҳамда малакали ходимлар етишмаслигининг тадбиркорлик фаолиятига таъсири аниқланади.

Шунингдек, электр энергияси, газ ва сув таъминоти, интернет алоқаси, йўллар ҳолати, транспорт ва логистика харажатлари, ишлаб чиқариш, савдо ва омбор биноларининг мавжудлиги, муҳандислик коммуникацияларига уланиш билан боғлиқ инфратузилмавий шароитлар тадбиркорлар нуқтаи назаридан баҳоланади.

Сўровда солиқ органлари фаолияти, солиқларни ҳисоблаш ва ҳисобот топшириш тартиби, электрон солиқ тизимларининг ишлаши, текширувлар, жарима ва пенялар ҳамда ортиқча тўловларни қайтариш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Тадбиркорларнинг банк кредитларидан фойдаланиш тажрибаси, фоиз ставкалари, кредитлаш муддатлари, гаров талаблари, имтиёзли давр, лизинг, грант, субсидия, инвестициявий молиялаштириш ва ислом молия воситаларига бўлган эҳтиёжлари ўрганилади.

Давлат харидлари ва тендерларда иштирок этишдаги тўсиқлар, электрон платформалардан фойдаланиш имкониятлари, талаб қилинадиган ҳужжатлар, танлов жараёнларининг очиқлиги, малакали ходимларни жалб қилиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам тадқиқотнинг муҳим йўналишларини ташкил этади.

Тадқиқот орқали тадбиркорларнинг давлат кўмагига бўлган эҳтиёжи, улар учун устувор қўллаб-қувватлаш чоралари, ҳуқуқларининг ҳимояланганлик даражаси ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати самарадорлиги баҳоланади. Шу билан бирга, коррупциявий хавфлардаги ўзгаришлар, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш режалари ҳамда фаолиятни тўхтатиш эҳтимолига таъсир кўрсатувчи иқтисодий, ташкилий ва ижтимоий омиллар ўрганилади.

Сўров натижалари тадбиркорлик муҳитидаги мавжуд имконият ва тўсиқларни аниқлаш, муаммоларни долзарблик даражаси бўйича таснифлаш, давлат томонидан кўрсатилаётган кўмакнинг манзиллилиги ва самарадорлигини баҳолаш учун ишончли эмпирик асос яратади.

«Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилаётган мазкур тадқиқот тадбиркорларнинг фикр ва баҳоларини холис ўрганиш, уларнинг реал эҳтиёжларини жамоатчилик фикрида акс эттириш ҳамда давлат органлари билан тадбиркорлар ўртасидаги мулоқотни ишончли социологик маълумотлар билан таъминлашга хизмат қилади.