02.09.2026
14
БИЛИМЛАР КУНИ - КЕЛАЖАККА ИШОНЧ ВА ЯНГИ МАРРАЛАР ИФОДАСИ
Азиз ўқувчилар!
Ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Қадрли ота-оналар!
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барчангизни Билимлар куни ва янги ўқув йили бошланиши билан самимий муборакбод этади!
Билимлар куни жамиятимизда илм-маърифатга интилиш, устозга ҳурмат ва ёш авлод келажагига дахлдорлик туйғуларини мужассам этган муҳим санадир. Бу кун ўқувчилар учун билим ва имкониятлар сари янги қадам, устозлар учун масъулиятли фаолиятнинг навбатдаги босқичи, ота-оналар учун эса фарзандлар камоли билан боғлиқ эзгу умидлар ифодасидир.
«Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижалари ватандошларимиз илм олишни инсоннинг муносиб келажаги, касбий ривожланиши ва жамият тараққиётини таъминловчи муҳим омил сифатида баҳолаётганини кўрсатмоқда. Жамоатчилик фикрида замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш бугунги даврнинг устувор талаби экани, фарзандларга сифатли таълим бериш эса оила ва жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири экани алоҳида таъкидланмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, замонавий ўқув дастурларини жорий этиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, педагогларнинг касбий салоҳияти ва ижтимоий мавқеини юксалтиришга қаратилган ўзгаришлар изчил давом этмоқда. Таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун хавфсиз ва муносиб таълим муҳитини яратишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Янги ўқув йили арафасида оилалардаги тайёргарлик жараёни, ўқувчиларнинг кайфияти ва ота-оналарнинг кутилмалари аҳолининг таълим тизимидаги ўзгаришларга муносабатини акс эттиради. Мактабга тайёргарлик ўқув қуролларини ҳозирлаш билан бир қаторда, фарзандда билим олишга қизиқиш уйғотиш, уни руҳан қўллаб-қувватлаш ҳамда мактаб, устоз ва ота-она ҳамкорлигини мустаҳкамлашни ҳам қамраб олади.
Бугун мактаб остонасидан ишонч билан кириб келаётган ҳар бир ўқувчининг интилиши мамлакатимизнинг эртанги интеллектуал салоҳиятини белгилайди. Устознинг билим, тажриба ва меҳр билан берган ҳар бир сабоғи ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб камол топишига замин яратади.
Азиз ўқувчилар, янги ўқув йили сизларга чуқур билим, ижодий изланиш ва муносиб ютуқлар олиб келсин!
Ҳурматли устоз ва мураббийлар, шарафли меҳнатингиз юксак эътироф топиб, шогирдларингиз муваффақияти қалбингизга фахр ва мамнуният бағишласин!
Қадрли ота-оналар, фарзандларингизнинг илм йўлидаги ҳар бир қадами эзгу орзу ва умидларингиз рўёбига хизмат қилсин!
Ҳурмат билан,
«Ижтимоий фикр» республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази!


