04.09.2026
12
ФУҚАРОЛАР ОДАМ САВДОСИ ВА МИГРАЦИЯ ҲАҚИДА: ХАБАРДОРЛИК, ХАВФ-ХАТАРЛАР ВА ҚАРШИ КУРАШИШ
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқаролар одам савдоси ва миграция ҳақида: хабардорлик, хавф-хатарлар ва қарши курашиш” мавзусида социологик тадқиқот ўтказишни бошлади.
Бугунги кунда меҳнат миграциясини тартибга солиш, фуқароларни муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари билан таъминлаш, хорижда ишлаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва меҳнат эксплуатациясининг олдини олиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу жараёнларда аҳолининг мавжуд хавф-хатарлар, ҳуқуқий ҳимоя механизмлари ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикрларини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга.
Тадқиқотнинг асосий мақсади - фуқароларнинг одам савдоси муаммоси ҳақидаги хабардорлик даражасини, унинг тарқалиш сабаблари ва хавф омиллари тўғрисидаги тасаввурларини, одам савдосига қарши амалга оширилаётган чора-тадбирларга муносабатини, шунингдек, меҳнат мигрантларининг хавфсизлиги ва ҳимояланганлигига оид жамоатчилик баҳоларини аниқлашдан иборат.
Тадқиқот доирасида аҳоли одам савдосининг асосий шакллари ва уни келтириб чиқарувчи ижтимоий-иқтисодий омилларни қандай баҳолаши, қайси ижтимоий гуруҳларни хавфга нисбатан кўпроқ заиф деб билиши ҳамда муаммонинг олдини олишда қайси чораларни самарали деб ҳисоблаши ўрганилади. Сўровномада ишсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар, моддий муҳтожлик, ҳуқуқий саводхонлик, меҳнат миграцияси ҳамда аҳолининг хабардорлик даражаси каби омилларга алоҳида эътибор қаратилган.
Тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан яна бири фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошларининг меҳнат миграцияси тажрибасини ўрганишдир. Хусусан, миграциянинг қай тарзда ташкил этилгани, хорижда меҳнат қилиш даврида иш ҳақининг тўланмаслиги ёки кечиктирилиши, меҳнат ва яшаш шароитларининг дастлабки келишувларга мос келмаслиги, ҳужжатларни олиб қўйиш, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш, камситиш, мажбурлаш ва бошқа хавфли ҳолатларга дуч келиш тажрибаси ўрганилади.


